Жаҳон | 12:44 / 03.09.2024
1396
2 дақиқада ўқилади

Белгия қироли яна ҳукуматни шакллантириш ҳақида топшириқ берди

Белгия қироли Филипп сайловларда ғалаба қозонган «Янги Фламанд алянси» раҳбарига вазирлар маҳкамасини тузиш бўйича беш партия ўртасида «зудлик билан музокараларни давом эттириш»ни буюрди.

Фото: NICOLAS MAETERLINCK/BELGA MAG/AFP/ Getty Images

Белгия қироли Филипп парламент сайловларида ғалаба қозонган ўнг «Янги Фламанд алянси» партияси раҳбари Барт Де Веверга ҳукуматни шакллантириш ҳақида яна топшириқ берди. Бу ҳақда 2 сентябр, душанба куни монарх матбуот хизмати хабар берди

У Де Веверга беш партия ўртасида «тезкор музокараларни давом эттиришни» буюрди. Август ойи охирида сиёсатчи потенциал коалиция ҳамкорлари ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли ўз мандатидан воз кечганди, дея эслатади AFP. 

Белгияда янги ҳукумат тузишга уриниш муваффақиятсиз якунланди 

Белгияда ҳукумат тузиш бўйича биринчи уриниш муваффақиятсиз якунланди. Мамлакатдаги парламент сайловларида ғалаба қозонган ўнг «Янги Фламанд алянси» (N-VA) партияси раҳбари Барт Де Вевер янги ҳукуматни шакллантириш доирасида музокаралар олиб бориш учун мандатини қайтарди, деб хабар берди Reuters 22 август куни. Белгия қироли Филипп сиёсатчининг истеъфосини қабул қилди.

Қайд этилишича, Де Вевер француз тилидаги либерал «Ислоҳотлик ҳаракати» (MR), "Христиан демократлар ва фламандлар" (CD&V), Vooruit Фламанд социалистик партияси ҳамда Les Engagés француз тилидаги марказчи партияси билан коалиция тузиш ниятида бўлган. Музокаралар Де Вевер томонидан таклиф этилган муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, пенсия ва солиқ тизимларига ўзгартиришлар, шунингдек, давлат харажатларини қисқартириш атрофида бўлди.

Белгияда парламент сайловлари
 
Белгияда нидерланд тилида сўзлашувчи партиялар Фландрияда, француз тилида сўзлашувчи сиёсий кучлар эса Валлонияда вакиллик қилади. 2024 йилги парламент сайловларида мамлакатнинг нидерланд тилида сўзлашувчи қисмида биринчи ўринни Антверпен бургомистри Барт Де Вевернинг мўътадил ўнг «Янги Фламанд алянси» партияси, француз тилида сўзлашувчи қисмида эса либерал «Ислоҳотлик ҳаракати» эгаллади.

Мавзуга оид