Жаҳон | 01:53 / 03.09.2024
4555
2 дақиқада ўқилади

Иқлим ўзгариши Африкадаги қарийб 120 млн кишига хавф туғдирмоқда

Халқаро метеорология ташкилотига кўра, Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган Африка давлатлари кейинги ўн йилликда иқлимга мослашиш учун йилига 30-50 миллиард доллар ёки ЯИМнинг 2-3 фоизини сарфлайди.

Фото: Anadolu

2030 йилга бориб Африканинг 118 миллион қашшоқ аҳолиси қурғоқчилик, сув тошқинлари ва ҳаддан ташқари иссиқлик оқибатларини бошдан ўтказади. Бу ҳақда Халқаро метеорология ташкилотининг (ХМТ) ҳисоботида сўз боради.

Ҳужжатга кўра, қитъа иқлим ўзгаришининг тобора оғир юкини ва зарур мослашув учун номутаносиб равишда юқори харажатларни ўз зиммасига олишга мажбур бўлмоқда.

Ҳисоботда келтирилишича, Африка давлатлари ўртача 2-5 фоиз ЯИМни йўқотмоқда, аксарияти эса ўз бюджетининг 9 фоизгача бўлган қисмини экстремал иқлим ҳодисаларига қарши курашга йўналтиряпти.

Таъкидланишича, Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган Африка давлатлари кейинги ўн йилликда иқлимга мослашиш учун йилига 30-50 миллиард доллар ёки ЯИМнинг 2-3 фоизини сарфлайди.

ХМТга кўра, Африка давлатлари миллий метеорологик ва гидрологик хизматларга сармояларни кўпайтиришга устувор аҳамият бериши, ҳаёт ва тирикчилик воситаларини сақлаб қолиш учун «Барча учун эрта огоҳлантиришлар» ташаббусини амалга оширишни тезлаштириши керак.

Халқаро метеорология ташкилоти бош котиби Селеста Саулонинг маълум қилишича, сўнгги 60 йил ичида Африкада ҳароратнинг исиши дунёдаги ўртача кўрсаткичдан тезроқ рўй бермоқда. «2023 йилда қитъа иссиқлининг ҳалокатли тўлқинларини, кучли ёғингарчиликлар, сув тошқинлари, тропик циклонлар ва давомий қурғоқчиликларни бошдан кечирди», — дейди у.

Саулонинг қўшимча қилишича, шу каби ҳолат 2024 йилда ҳам сақланиб қолган бўлиб, бу гуманитар инқирозни янада кучайтирмоқда.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид