Жаҳон | 21:31 / 04.09.2024
16482
8 дақиқада ўқилади

Украина ҳукуматидаги ўзгаришлар: нималар бўлмоқда?

Душанба ва сешанба кунлари Украинадаги бир неча вазирлик раҳбарлари ишдан бўшаш учун ариза ёзишди. Улар қаторида Украина ТИВ раҳбари Дмитро Кулеба ҳам бор. Олий раданинг чоршанба кунги йиғилишида тўрт вазир истеъфоси қабул қилинди, аммо ташқи ишлар вазири масаласи кўриб чиқилмади.

Фото: Ukrinform/NurPhoto via Getty Images

BBC шарҳловчиси кадрлар бўйича бу ротация нима учун мамлакат ҳаётида туб ўзгаришларга олиб келиши даргумонлиги ва унинг аҳолисининг катта қисми бу мавзуга эътибор қаратмаётгани ҳақида ёзди.

Душанба ва сешанба кунлари Олий радага бош вазир ўринбосари, вақтинча оккупация қилинган ҳудудлар реинтеграцияси масалалари бўйича вазир Ирина Верешчук, Украинанинг Европа ва Евроатлантикага интеграцияси бўйича бош вазир ўринбосари Олга Стефанишина, стратегик саноат вазири Олександр Камишин, адлия вазири Денис Малюска, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслар вазири Руслан Стрелец ҳамда Украина Давлат мулк жамғармаси раиси Виталий Ковалдан истеъфога чиқиш тўғрисида аризалар келиб тушган.

Бундан ташқари, сешанба куни Олий рада раиси Руслан Стефанчук ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба ёзган ариза суратини эълон қилди. Стефанчук ариза кейинги ялпи мажлислардан бирида кўриб чиқилишини қўшимча қилди.

Чоршанба кунги ялпи мажлисда депутатлар Олга Стефанишина, Олександр Камишин, Руслан Стрелец ва Денис Малюска истеъфоси учун овоз беришди. Шу билан бирга, Рада Ирина Верешчук ва Виталий Ковалнинг истеъфосини қабул қилмади — уларнинг аризаси қаноатлантирилиши учун бир неач овоз етмади.

Украина ТИВга 2020 йил мартидан буён раҳбарлик қилиб келаётган Дмитро Кулебанинг аризаси эса мажлисда кўриб чиқиш учун қўйилмаган. Парламент мажлиси унинг аризасини кўриб чиқмасдан ёпилди.

Украина президенти Володимир Зеленский Дмитро Кулебанинг истеъфоси эҳтимоли ва ТИВнинг кейинги раҳбари ким бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги саволга тўғридан тўғри жавоб қайтармади. «Бугун бизга янги энергия керак ва бу қадамлар мамлакатимизни турли йўналишларда кучайтириш билан боғлиқ», — дея изоҳлаган Зеленский ҳукуматдаги ўзгаришларни.

«Халқаро сиёсат ва дипломатия бундан мустасно эмас. Мен бугун у ёки бу вазир айнан нима билан машғул бўлишини прогноз қила олмайман ва уларга қайсидир лавозимлар таклиф этилиши бўйича жавоб бера олмайман. Бугунги кунда бу ҳақда гапиришга ҳали эрта», — дея қўшимча қилган президент.

«РБК-Украина» нашри манбаси хабар беришича, Кулебага Брюсселда, ЕИ ёки НАТОдаги ваколатхоналарда ишлашда давом этиш таклифи берилиши — ёки Белгия ва Люксембургга элчи қилиб юборилиши мумкин.

Украина медиаси «президент жамоасидаги суҳбатдошлар»га таяниб хабар беришича, Кулебанинг ўрнини ким эгаллаши ҳали аниқлаб олинмаган, аммо ТИВ раҳбарлиги учун энг эҳтимолий номзод — ҳозирги вазирнинг биринчи ўринбосари Ондрий Сибига.

Ондрий Сибига — тажрибали дипломат. У ТИВ тузилмасида турли лавозимларда ишлаган, 2016 йилдан 2021 йилга қадар Украинанинг Туркиядаги элчиси бўлган, кейин президент офиси раҳбари ўринбосари лавозимини эгаллаб, у ерда ташқи сиёсат масалаларига масъул бўлган.

Ондрий Сибига (чапда) 2021-2024 йилларда Украина президенти офисида ишлаган

Истеъфога чиққан стратегик саноат вазири Олександр Камишин телеграм-каналида парламентнинг иқтисодиёт ва мудофаа қўмиталарига ёпиқ ҳисобот, шунингдек Олий радага очиқ ҳисобот қилишга тайёрланаётганини ёзган. «Мудофаа тизимида ишлашда давом этаман, аммо бошқа ролда», — дея қўшимча қилган у. «Украинская правда»га кўра, Камишин президент маслаҳатчиси бўлиши мумкин.

Евроинтеграция масалалари бўйича бош вазир ўринбосари Олга Стефанишина расмий истеъфодан кейин вице-премьер лавозимига қайтади, унга адлия вазирлиги берилади.

Руслан Стрелец ўрнига Светлана Гринчукни экология вазири этиб тайинлаш режалаштирилмоқда, ҳозирда у энергетика вазири ўринбосари ҳисобланади.

«Украинская правда» манбалари Давлат мулк жамғармаси раиси Виталий Ковал аграр сиёсат вазирлигига ўтишини тахмин қилишганди. Аммо Олий рада ялпи мажлисида унинг истеъфо учун аризаси қаноатлантирилмади.

Шунингдек, бунгача раҳбарлари «вазифасини бажарувчи» мақомида ишлаб келган вазирликларда расман тайинловлар бўлиши кутилмоқда.

«Украинская правда» суҳбатдошининг айтишича, Инфратузилмалар ва минтақавий сиёсат вазирлигини президент офиси раҳбари ўринбосари Олексий Кулеба бошқариши мумкин. Ҳозирда идорага Василий Шкураков «в.б» мақомида раҳбарлик қилмоқда.

Маданият вазири вазифасини бажарувчи Ростислав Карандеев ўрнига катта эҳтимол билан президент офиси раҳбарининг яна бир ўринбосари Микола Точицкий келади. У асли дипломат бўлиб, ўтмишда Сан-Францискода бош консул, Украинанинг Европа кенгашидаги доимий вакили ҳамда Белгия ва Люксембургда элчи лавозимларида ишлаган.

Бундан ташқари, Олий рада «в.б» мақомидаги мулозимларнинг айримларини доимий асосда тайинлаши кутилмоқда: Олександр Порхунни — фахрийлар ишлари бўйича вазир, Матвей Беднийни — ёшлар ва спорт вазири этиб.

Бу ўзгаришлар қанчалик муҳим? BBC шарҳловчиси Святослав Хоменко

Дунёда вазирлар ёппасига истеъфо учун ариза ёзиши жиддий сиёсий инқироз белгиси бўлмаган ёки ҳеч бўлмаганда «сиёсий зилзила»ни англатмайдиган бирор давлатни топиш қийин.

Ҳозирги Украина эса имконсиз нарсанинг имкони борлигини кўрсатмоқда. Рада фақат тўрт вазирлик раҳбарининг аризасини маъқуллагани ва ҳали Дмитро Кулебанинг аризаси кўриб чиқилмаганига қарамай, кадрлар бўйича бу ротация мамлакат ҳаётида қандайдир туб ўзгаришларга олиб келиши даргумон, аҳолининг катта қисми учун эса бу ўзгаришлар сезилмайди ҳам.

Биринчидан, ҳукуматда бўлажак ўзгаришлар ҳақида расмийлар ярим йилдан буён айтиб келади — айрим манбалар ҳатто бош вазир алмашиши ҳақида ҳам бир неча бор хабар беришди. Аммо ёки бошқа муҳимроқ масалалар борлиги туфайли ҳукумат кадрлар масаласи билан шуғуллана олмади, ёки Володимир Зеленский жамоасидаги захира ўриндиғи қисқалиги бунга таъсир қилди. Нима бўлганда ҳам, ҳукумат вакилларининг катта қисми алмашиши ҳақида олдиндан гаплар юрарди — шунинг учун Рададаги бугунги овоз беришлар сюрприз эффектига эга эмас.

Иккинчидан, Украинада кадрлар бўйича ҳар қандай ротация, хоҳ кутилган, хоҳ кутилмаган бўлсин, анчадан буён Россиянинг икки ярим йил муқаддам Украинага қарши бошлаган катта урушининг фожиали оқибатлари фонида сезилмай кетади. Қутқарувчилар Полтава бўйлаб йўлланган ракета зарбасидан кейин харобаларни тозалаб улгурмаган, кейинги куни эса Лвивда ҳам мотам бошланган маҳалда экологи, адлия ёки ҳатто ташқи ишлар вазири алмашиши кимга қизиқ?

Учинчидан, бу ҳукуматнинг мамлакатдаги вазиятга таъсир қилиш даражаси жуда чекланган бўлса, ҳукуматдаги ўзгаришлар ҳақида қайғуришдан нима наф. Очиқ айтайлик, Россиянинг кенг кўламли босқини табиий равишда Украинани суперпрезидентлик республикасига айлантирди, унда ҳақиқий ҳукумат функцияларини президент офиси бажаради. Шу туфайли Володимир Зеленскийнинг кечаги мурожаатидаги — «Украина ҳукумат муассасаларига янги куч бериш» чақириғи — албатта, яхши, аммо вазирлар маҳкамасидаги силкинишларга ортиқча баҳо бериш ўринсиз.

Россия қўзғаган уруш фронти ва фронт ортидаги янгиликлар фонида, бугунги кунда Киев қаршисида турган муаммолар олдида, ҳукуматдаги истеъфолар тўғрисидаги хабарлар украин газеталарининг биринчи саҳифасига чиқиши имконсиз.

Мавзуга оид