Жаҳон | 09:10 / 04.09.2024
2948
3 дақиқада ўқилади

Туркия BRICSʼга аъзо бўлиш учун ариза берди

Туркия ҳукмрон партияси вакилига кўра, Анқаранинг BRICSʼга қўшилиш жараёни бошланган.

Фото: AP

Туркия BRICSʼга аъзо бўлиш учун ариза берди. Бу ҳақда 3 сентябр, сешанба куни Туркиядаги ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси вакили Ўмер Челик маълум қилди

«Президентимиз BRICSʼга аъзо бўлмоқчи эканлигимизни бир неча бор таъкидлади», - дея унинг сўзларини келтиради AFP. Челик ариза қачон юборилганига аниқлик киритмади. 

Унинг сўзларига кўра, қўшимча маълумотлар натижалар пайдо бўлгач эълон қилинади, деб хабар берди dpa. 

Аъзолик Туркиянинг Россия ва Хитой билан иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаши мумкин 

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакат «ҳам Шарқ, ҳам Ғарб давлатлари билан бир вақтнинг ўзида алоқаларини мустаҳкамласа, кучли, фаровон, нуфузли ва самарадор бўлиши»ни таъкидлаган эди. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, бундан ўзга ҳар қандай йўл Туркиянинг «зиёнига хизмат қилади».  

BRICSʼга аъзолик Туркиянинг Россия ва Хитой билан иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаши мумкин, деган агентлик ҳамсуҳбатлари. Уларнинг сўзларига кўра, Туркия Россия ва Марказий Осиё давлатларидан етказиладиган табиий газ учун «экспорт ҳаби» бўлишни мақсад қилган.

Фаластин BRICS’га аъзолик учун ариза беради 

Фаластин октябр ойида Қозонда ўтказиладиган саммитдан кейин BRICS аъзолиги учун ариза бериш ниятида. Бу ҳақда мамлакатнинг Россиядаги элчиси Абдул Ҳофиз Нофал маълум қилди.

«Саммитдаги биринчи иштирокимиздан кейин биз ушбу ташкилотга қўшилиш бўйича сўров юборамиз. Ва Россия президенти Владимир Путин сессия тўлиқ Фаластинга бағишланишига ваъда берди, шу боис ушбу саммитдан фақат ижобий натижаларни кутмоқдамиз», — дейди элчи.

Нофал, шунингдек, саммитга таклиф этилганини Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш белгиси деб атади. Халқаро гуруҳнинг навбатдаги саммити 22-24 октябр кунлари Қозонда бўлиб ўтади.

Озарбойжон BRICS аъзоси бўлиш учун ариза топширди 

Август ойи ўрталарида Озарбойжон BRICS аъзоси бўлиш учун расман ариза топширди. Ундан олдин Озарбойжоннинг Москвадаги элчиси Бокунинг ташкилотга қўшилиши бўйича Россия билан музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган эди.

19 август куни Бокуда Россия президенти Владимир Путин ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. ОАВ хабарига кўра, уларда иқтисодий ҳамкорлик, халқаро ва минтақавий муаммолар, хусусан, Арманистон-Озарбойжон можаросини тинч йўл билан ҳал этиш масалалари муҳокама қилинган, шунингдек, қўшма баёнот қабул қилинган, учта келишув ва учта меморандум имзоланган.

BRICS 2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой томонидан ташкил этилган бўлиб, кейинчалик унга Жанубий Африка қўшилган. 2024 йил 2 январ куни унга Миср, Эрон, БАА ва Эфиопия қабул қилинди. 

Мавзуга оид