Португалия сув ресурслари барқарорлигига сармоя киритишга чақирмоқда
Европа Иттифоқи аҳолисининг 30 фоизи тез-тез содир бўлаётган қурғоқчилик ва сув тошқинларидан азият чекмоқда.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш Еврокомиссиянинг янгиланган таркиби учун устувор вазифа бўлиши керак. Португалия энергетика ва атроф-муҳит вазири Мария да Граза Карвало Брюсселга шундай чақириқ билан мурожаат қилди.
Европа Иттифоқи ҳудудининг қарийб 20 фоизи, аҳолисининг 30 фоизи тез-тез содир бўлаётган қурғоқчилик ва сув тошқинларидан азият чекмоқда. Баҳорда Испаниянинг Каталония ҳукумати фавқулодда ҳолат эълон қилишга ва сув истеъмолини чеклашга мажбур бўлганди. Бу фақат битта мисол.
Иқлим ўзгариши фонида келажакда Европа Иттифоқини янада кўпроқ муаммолар кутмоқда. Брюсселда Еврокомиссия вакиллари билан учрашувдан сўнг Мария да граза Карвало сув ресурслари соҳасига сармоя киритиш муҳимлигини таъкидлади.
“Янги қонунлар қабул қилишни сўраш учун келганимиз йўқ, бизга сув тўғрисидаги қонунлар керак эмас. Бу масала Европа Иттифоқининг навбатдаги бюджетида устувор вазифа сифатида кўриб чиқилиши, аҳолини сув билан таъминлаш Европа инвестиция банки учун ҳам устувор вазифа бўлиши керак”, — деди у.
2024 йилнинг июл ойида Европа Иттифоқининг 21 мамлакати томонидан барқарор сув таъминоти масаласи бўйича Европа Комиссиясига хат юборилган эди. Матн Португалия ҳукумати томонидан тайёрланган. Унда қурғоқчиликдан иқтисодий йўқотишлар Европа Иттифоқига ҳар йили 9 миллиард еврога тушиши, аср охирига келиб эса бу миқдор 65 миллиардга етиши мумкинлиги айтилади.
Сувдан фойдаланиш масалалари билан атроф-муҳит, океанлар ва балиқчилик бўйича еврокомиссар шуғулланади. Португалия вазирининг таъкидлашича, сув иқтисодиётнинг кўплаб соҳалари учун ҳал қилувчи ресурсдир: саноатдан тортиб энергетикагача, қишлоқ хўжалигидан тортиб туризмгача ва ҳатто мудофаа учун ҳам.
“Дунёнинг кўп ҳудудларида сув танқислиги можароларга сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолат юз бермаслиги учун биз етарли миқдордаги сифатли сувдан фойдаланиш имкониятига эга бўлишимиз зарур”, — қўшимча қилди Карвало.
Европа Кенгаши томонидан келгуси 5 йилга тасдиқланган стратегик режа ҳамжамият давлатларини сув ресурсларининг барқарорлигини ошириш ва кенг кўламли трансчегаравий сув инфратузилмасига инвестиция киритишга мажбур этади.
Мавзуга оид
08:48 / 08.11.2024
Сув таннархи ошиб кетаётган ҳудудлар маълум қилинди
10:10 / 04.11.2024
WP: Европа Трамп даврида АҚШ билан «муносабатларни узиш»га тайёрланмоқда
15:24 / 03.11.2024
Гуржистон ва Молдова сайловлари: Европа орзуси орзулигича қолдими?
12:30 / 01.11.2024