Ўзбекистон | 21:50 / 06.09.2024
19934
5 дақиқада ўқилади

Техноген офат рўй берган М25 кони. Бу лойиҳа ҳақида нималар маълум?

“Мустақилликнинг 25 йиллиги” – Ўзбекистонда ҳали ўзлаштирилмаган энг катта газ кони. Уни ўзлаштириш бўйича ҳозирги ишлар 2017 йилда бошланган. Лойиҳанинг расмий бенефициарлари – ўзбекистонлик ва россиялик икки тадбиркор, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ҳисобланади. Пудратчилар эса – Eriell ва Enter Engineering. Авария лойиҳанинг боришига қандай таъсир қилиши номаълум бўлиб қолмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

1 сентябр куни Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги газ конида авария рўй бериб, атмосферага водород сулфид гази тарқалди. Заҳарли газ атрофдаги қишлоқларга тарқалиб, шаҳар марказига ҳам етиб борган. Ўтган 6 кун давомида газ чиқиши тўхтагани ёки давом этаётгани маълум эмас – бирламчи расмий ахборот берилганидан бери ҳеч қандай қўшимча маълумотлар тақдим этилмаяпти.

Давлат органларидан ташқари, конга эгалик қилувчи ва у ерда бурғулаш ишларини олиб бораётган компаниялар ҳам сукут сақламоқда. Шу боисдан ушбу техноген офат лойиҳанинг келажагига қандай таъсир қилиши номаълум бўлиб қолмоқда.

Хўш, бу ердаги ишларни қайси компаниялар амалга ошираётганди?

Ўзбекистоннинг ўзлаштирилмаган энг йирик газ кони

“Мустақилликнинг 25 йиллиги” (аввалги номи “Гаджак”) кони анча олдин, 1960 йилларда аниқланган. Кондаги биринчи қудуқ ҳам 1975 йилда “Ўзбекнефт” уюшмаси томонидан бурғиланган. Аммо кон ноқулай релефга эга Бойсун тоғларида жойлашгани сабаб, узоқ йиллар уни ўзлаштиришнинг имкони бўлмай келади.

2006 йилда Малайзиянинг Petronas ва Саудия Арабистонининг Delta Oil компаниялари конни ўрганишни бошлайди. Лекин коннинг мураккаб геологик тузилиши, газ таркибида олтингугурт ва углеводород оксиди миқдорининг юқорилиги сабаб 2013 йилда ишлар тўхтаб қолади. Хорижий компаниялар ҳам лойиҳадан чиқиб кетади.

М25 конини ўзлаштириш ва ундан маҳсулот қазиб олиш лойиҳаси 2017 йилда бошланган. Битим ўша йилнинг апрел ойида Москвада имзоланади. Бунда Ўзбекистон ҳукумати бир томондан, инвесторлар консорциуми иккинчи томондан шартнома тузади.

Консорциум учта компаниядан иборат: “Gas Project Development Central Asia AG” (Швейцария), “Altmax Holding Ltd” (Кипр) ва “Узнефтегаздобича” АЖ (Ўзбекистон давлат корхонаси).

Фото: Eriell компанияси матбуот хизмати

Лойиҳа амалга оширилиши бошланишида унинг умумий қиймати 5,27 млрд доллар деб эълон қилинган. 2018-2022 йилларга мўлжалланган биринчи босқичда йилига 5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш қувватига эга завод қурилиши, 2023-2025 йилларга мўлжалланган иккинчи босқичда 1,5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш ҳисобига йилига 500 минг тонна полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга газ-кимё мажмуаси барпо этилиши айтилган.

М25 кони Ўзбекистондаги ҳозирда ўзлаштирилмаган энг йирик газ кони ҳисобланади. Газ захиралари 150 миллиард куб метрдан ортиқ дея баҳоланган.

Инвесторлар ва пудратчилар кимлар?

Ўтган йили энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов М25 кони бўйича инвесторлар билан тузилган шартнома шартларининг айрим жиҳатларини очиқлаганди. Унинг сўзларига кўра, кондан олинган фойдани инвестор ва давлат ўзаро 50/50 нисбатда тақсимлашга келишган. Битим кучга кирганидан бошлаб 35 йил давомида амал қилади.

“Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони бўйича шартнома 35 йилга тузилган, шундан 8 йили – геологик қидирув ишлари”, – деганди Мирзамаҳмудов.

Тармоқда тарқалган видеодан кадр

Лойиҳа оператори – “Surhan Gas Chemical Operating Company” МЧЖ ХК. Гонконгда рўйхатдан ўтган бу компания ўтган йили баёнот бериб, якуний бенефициарлари ўзбекистонлик тадбиркор Бахтиёр Фозилов ва россиялик тадбиркор Андрей Филатов эканини маълум қилган. Компаниянинг 20 фоиз улуши “Ўзбекнефтгаз”га тегишли.

Конни ўзлаштириш бўйича бош пудратчи – Eriell. Газни қайта ишлаш заводи, инфратузилма объектлари, газни йиғиш, тайёрлаш ва етказиб бериш тизимини лойиҳалаштириш, ускуналарни етказиб бериш ва қуриш ишлари, “тайёр ҳолда топшириш” шарти билан, Enter Engineering компаниясига юклатилган. Очиқ манбаларга кўра, мазкур икки компанияга ҳам Бахтиёр Фазилов эгалик қилади.

2023 йилнинг ноябр ойидаги расмий маълумотларга кўра, конни ўзлаштиришга 1 миллиард 450 миллион доллар инвестиция киритилган. Лойиҳанинг биринчи босқичи 2024 йил май ойида ишга туширилиши, 2025 йилдан эса тўла қувватда ишлай бошлаши эълон қилинганди.

Мавзуга оид