Жамият | 10:47 / 07.09.2024
26416
7 дақиқада ўқилади

Жонзотлар сўйилишини аввалдан сезишади – тошлоқлик қассоб ҳикояси

Умиджон Охуновни Тошлоқ туманида кўпчилик танийди. Унинг туман марказида икки қассобхонаси бор. Уйида чорва боқиб, сўйиб дўконида сотади.

“Қассобликнинг масъулияти катта, бу касбда ҳалол-у пок бўлиш жуда муҳим, тарози масаласида айниқса эҳтиёт бўлиш зарур”, дейди у.

Қассоб гўштнинг нархи ошиб бораётгани сабаби, касбининг масъулияти ҳақида сўзлаб берди:

“Ҳунаримиз, ота-боболаримиздан қолган касб экан буни ҳалол бажаришга ҳаракат қиламиз. Раҳм-шафқатсиз одам бўлмаса керак, шу жониворларни сўяётганимизда иложи борича уларга озор бермасликка, қийнамасликка ҳаракат қиламиз. Яна халқнинг луқмасини булғаб қўймаслик учун ҳалолликка, покизаликка риоя қилишга кўпроқ уринамиз.

Умиджон Охунов, қассоб

Биринчи марта 12 ёшимда қўй сўйганман. У вақтда катта қора молларни сўйишга кучим етмасди. Бизнинг оиламизда қассобчилик авлоддан авлодга ўтиб келаётган касб ҳисобланади. Тўртинчи авлодман оилада касбни давом эттираётган. Бобомнинг отаси, бобом, отам ва мана мен қассоблик касбини давом эттиряпман.

Жонивор ўлимидан аввал йиғлайди...

Ҳайвоннинг бўғзига бирдан пичоқ тортиб юбориш жуда қийин нарса. Буни ҳис қилган одам билади албатта. Буни сўз билан тушунтириб бериш қийин. Ёшлигимиздан шу касбни эгаллай бошлаганимиз учун ҳам ўрганиб қолган бўлсак керак. Лекин ўзимиз ҳам қўй, молларни боқиб турамиз, чорваларимиз бор. Молни ерга қулатганизда бечора жонивор йиғлаб, нолигандай бўлади. Қўй унча-мунча сезмайди буни. Чунки у менинг жунимни олса керак деб тинч туради. Исломда ҳайвоннинг бўғзига пичоқ тортгунча такбир айтиб турилади.

Ҳалол ва покиза жойда ҳайвонларни сўйиш керак, тақвода бўлиш керак. Чунки бу масъулиятли касб барибир. Аллоҳ ҳам шукур қилсангиз ризқингизни зиёда қилиб бераман деган. Мана шу касбнинг орқасидан оиламизга ҳалол луқма едиряпмиз, фарзандларимизни ўқитяпмиз, уйлантиряпмиз.

Дўконга бир парча гўшт сўраб келадиганлар ҳам бор...

Фермер хўжалиги ташкил қилганмиз. Қорамолларни, қўйларни сўйиб, арзон гўштни халққа тарқатиб турамиз баъзида. Халқдан мол сотиб олиб уни ҳам сўйиб қассобхонага топширамиз. Халққа арзон гўшт тарқатишни кенгайтириш ниятимиз бор.

Одамлар аввалгидай кўп гўшт сотиб олмаяпти, оз-оздан сотиб олишмоқда. Шунга ҳам шукр қиламиз. Худога шукур савдолар бўлиб турибди. Аллоҳ ризқни уларга шундай қилиб берган экан. Қассобхонамизга бир парча гўшт сўраб келадиганлар ҳам учраб туради, ўшанда йигитларга суяксиз гўшт қилиб беринглар дейман. Чунки кўпроқ гўшт ейишсин дейман, шароитлари оғир бўлса буни тушунаман. Суякларини этдан ажратиб бепул бериб юбораман. Мустақиллик даврлари ёки ундан аввалги даврларда оз гўшт оладиган аҳоли кам эди. Ҳозир эса бундайлар кўпайган. Аллоҳ буларнинг ризқини ҳам улуғ қилсин илоҳим.

Дўконларимизда қарз дафтарларимиз бор, аҳоли шароитига қараб қарзга гўшт олиб кетишади. Баъзи қассоблар гўшт нархи кўтарилганда қарзларни ҳам ўша нархда қайтаришларини сўрар экан. Бизда бундай қоидалар йўқ. Баъзи қарзлардан эҳсон учун деб кечиб юборамиз, ёзув-чизувларни ҳам қилмаймиз. Ҳимматли укаларимиз 500 минг ёки ундан кўпроқ пулни дўконга ҳадя қилишиб, қарзи борларнинг қарзларини ўчириб қўйишимизни ёки камроқ гўшт олаётганларга гўшт қўшиб беришимизни сўрайдилар. Биз ҳам кўпайтириб берамиз Аллоҳга шукур, шундан одамлар миннатдор бўлишади.

Сифатли гўшт танлаш йўли...

Гўшт танлашда қассобнинг тақвосига ҳам эътибор бериш керак. Кейин новвоснинг гўшти анча баракали бўлади, ғунажин гўшти анча ширин, аммо ёғлироқ бўлади. Ранги оқ новвос гўшти сифатли ва янги бўлади, қизғишроқ гўштлар кўпинча ёши каттароқ молнинг гўшти бўлади. Гўшт олганда шунга эътиборли бўлиш керак кўпроқ.

Новвос қасдлашса ёмон бўлади...

Ҳайвон қасдланиб қолиши одамнинг қасдланишидан анча ёмон бўлади. Ёшлигимда бир новвосни қаттиқ уриб қўйганман ва менга ташланган. Ўшанда бобом ўзинг новвосни урган экансан шунга қасдини олишни хоҳлайди деганлар. Шу сабабдан ҳайвонларга ҳам эътиборли бўлиш керак. 

Қассоб бўлиб ишлайдиган ҳар бир мусулмон ўзига ҳалолликни, тақвони одат қилиши керак. Чунки Аллоҳ ўзининг бандаси билан орасидаги ҳақидан воз кечиши мумкин, лекин бандалар ўртасидаги ҳақдан ҳеч қачон воз кечмайди. Шу сабабдан тарозидан уриб қолиш ҳам ҳаром. Бобомнинг оталари вафот этаётганларида бобом 4 ёшли бола бўлган эканлар ва қассобликнинг жавоби қийин шунга буни оқлай олмаса бу касбни ортиқ қилмасин деган эканлар. Шунга ҳам болаларимга дўконда турганда мижоз келса тарозига қўйган гўштингни харидорга кўрсат дейман. Харидор рози бўлса ўраб бер деймиз.

850 грамм лаҳм, 150 грамм суяк...

Тарозининг ҳаққи охиратда ҳам одамни жуда қийнайдиган масала шунга ҳамкасбларимиз бунга эътиборли бўлишсин деймиз. Одамзот бу ишларни қилишдан олдин охиратини ўйлаб иш қилиши керак. Бобом отамга бу касбни мерос қилаётганларида бир неча шартларни қўйганлар. Биринчидан тарозига эътиборли бўлиш, сўнгра тақвога риоя қилиш, ҳалолликка риоя қилиш каби. Отам буни маҳкам ушлаб келдилар, биз ҳам қўлдан келганча ҳаракат қиляпмиз бу ўгитларга амал қилишга.

Қассобликнинг қоидасига кўра 800 грамм лаҳм гўшт, 150 ёки 200 грамм суяк харидорга бериш керак. Лекин ҳозир гўшт қиммат бўлганига ҳам 850 грамм лаҳм, 150 грамм қўй гўшти қилиб беряпмиз. Қўлдан келганча арзонроқ қилиб халққа тарқатяпмиз.

Хонадонларда чорва камайиб кетди...

Аввал ҳар бир хонадонда 4 бош қўй, 2 бош мол бўларди. Ҳозир бу касбнинг ҳам баракаси кетдими ёки ем қимматлик қиляптими, хуллас, хонадонларда боқиладиган моллар камайиб кетяпти. Шунинг ҳисобига ҳам гўшт нархи қимматлашиб кетяпти.

Ҳар бир ҳунар эгаси ўз касбининг илмини билиши керак. Бу илмни ўрганиш учун устозга шогирд тушиш керак албатта. Кейинчалик бир ишни қайта-қайта қилиб, қассоб ҳам молнинг қанча гўшт қилишини бир қараганда тахмин қила оладиган бўлади.

Бизнинг ҳунарда ҳам турли хил қизиқарли воқеалар бўлиб туради. Шохдор моллар ўз эгаларини ёки ён атрофдаги одамларни тортиб кетган ҳолатлар бўлган. Бир танишимда ҳам шундай ҳолат бўлган.

Қассобликни касб қилишни хоҳлаган укаларимизга маслаҳатларим ҳам бор, албатта. Аввало ҳалол бўлишсин, молни сўйганда таҳоратли бўлишсин. Халқнинг луқмасига масъулиятли бўлишсин. Гўштнинг ноқобил чиқиб қолишига қассоблар сабабчи бўлиб қолиши мумкин. Шунга эҳтиёт бўлишсин.

Мен 12 ёшимда гўшт сотиш учун дўконга чиққанман. Ўшанда гўшт 5 000 сўм эди. Армиядан келсам 7 000 сўм бўлган экан. Хонадонларда ем сотиб олиб моллар боқилса ҳам ўз харажатларини қоплайди. Масалан, ўзимизнинг молхонамизда ҳам ҳафтасига 13 ёки 14 бош мол туради.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров

Мавзуга оид

Эълонлар

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани