Жаҳон | 12:19 / 07.09.2024
12257
13 дақиқада ўқилади

Мўйқаламидан қон томган рассом: Верешчагин ким бўлган?

1904 йилда Порт-Артур қалъаси яқинида русларнинг Петропавловск ҳарбий кемаси японлар минасига дуч келиб портлаб кетади, кемадагилар ҳалок бўлади. Улар орасида Василий Верешчагин ҳам бор эди. Бир қўлида мўйқалам, бошқасида қурол тутган бу шахс аввалроқ Самарқандда кўтарилган қўзғолонни бостиришда қатнашган эди.

Фото: Kun.uz

XIX асрнинг иккинчи ярмида Чор Россияси Марказий Осиёнинг жанубий қисмини босиб олиш ҳаракатларини бошлар экан, ўшанда Туркистонга рус аскарлари билан бирга бошқа соҳалар вакиллари ҳам кириб келади.

Улар орасида савдогарлар, муҳандислар ва бошқа касб эгалари билан бирга рассом Василий Верешчагин ҳам бор эди.

Бу инсонни бугун эслаётганимиз бежиз эмас.

Россия аввал Кавказ, кейин Туркистонни босиб олар экан, соф виждонли рус зиёлилари империянинг босқинчилик сиёсатига қарши чиқади. Улардан фарқли равишда Верешчагин чоризм истилосига қарши чиқиш ўрнига, Чор Россияси армиясига қўшилиб, жангларда иштирок этади.

Жумладан, анчайин ёвуз одам бўлган рассом бир қўлида мўйқалам, бошқасида қурол билан Туркистонни босиб олишда иштирок этади.

Таниқли адиб, публицист Ортиқбой Абдуллаев рус адибларини ўзаро таққослаб, Верешчагинга шундай таъриф берганди:

«Ўз вақтида илғор рус зиёлилари босқинчилик ва талончиликка қарши фаол муносабат билдирди. Герцен ва Огарёвлар Лондонда туриб рус империализмининг истилочилик фаолиятини фош этувчи мақолалар эълон қилди. Буюк рус адиби Лев Толстой бир қанча қисса ва ҳикояларида («Ҳожимурод»ни эсланг) ўз озодлиги, эрки учун рус зобитларига қарши мардона курашаётган тоғлик қаҳрамонларнинг олийжаноб сиймосини катта меҳр, хайрихоҳлик билан тасвирлайди. М.Лермонтов оташин шеърларида «ювуқсиз Россия» устидан аёвсиз ҳукм чиқаради.

Америка журналисти Мак-Гахан ўз хотираларида чор истибдодининг қонли манзараларини ҳаққоний чизиб беради. Туркистондаги ҳарбий ҳаракатларда бевосита иштирок этган В.Наливкин бегуноҳ қон тўкишларга чидай олмасдан, чор армиясини ташлаб кетади ва чекка Нанай қишлоғида ер сотиб олиб, қўш ҳайдаб, ўз меҳнати, билак кучи билан тирикчилик қилишни маъқул кўради. Бундай фидойилар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Афсуски, улар орасида Верешчагиннинг номи йўқ».

Верешчагин ўзи чизган сурат фонида

Урушни хуш кўрувчи рассом

Василий Верешчагин 1842 йилда Новгород губерниясидаги Череповец шаҳрида туғилган. Улғайгач, аввал ҳарбий мактабда, сўнг Санкт-Петербург санъат билим юртида таҳсил олган.

Санкт-Петербургда ўқиб юрганида у ҳафтасига бир неча мартадан рассомларни рағбатлантириш император жамиятига қатнаб юради. Рассом ижодини айнан шу даврда бошлайди.

Верешчагин истеъдодли рассом бўлиб етишади. Шу билан бирга бу шахс урушни ёқтирарди. Шу сабабли у Чор Россияси армиясининг турли истилочилик юришларида ҳарбий сифатида қатнашади ва жангларда иштирок этади.

Рассом ўз ҳарбий фаолиятини 1867 йилда русларнинг Туркистонни босиб олиш юришларида бошлайди. Ўшанда уни Марказий Осиёга Туркистон генерал-губернатори Константин фон Кауфман таклиф қилган.

Кейинчалик у Болқон яриморолида бўлиб ўтган Турк-рус урушида, Узоқ Шарқда Рус-япон урушида иштирок этади.

1868 йил Кауфман Верешчагинни Самарқанд шаҳрида кўтарилган қўзғолонни бостиришда жонбозлик кўрсатгани учун 4-даражали авлиё Георгий ордени билан тақдирлайди (Путин Россияси даврида оммалаштирилган Георгий лентаси айнан мана шу орденга тегишли).

Верешагин 1868 йилда Самарқандда чизган суратлардан бири

«1868 йилда Самарқанд»

Самарқандда бир муддат яшаган ва бу ерда кўтарилган қўзғолонни бостиришда қатнашган Верешчагин кейинчалик «1868 йилда Самарқанд» номи билан эсталикларни ёзади. Бу эсталикларни Ортиқбой Абдуллаев рус тилига ўгирган.

Рассом бу асарида Самарқандда қўзғлончиларга (юрт ҳимоячиларига) қарши жанг тафсилотларини батафсил ҳикоя қилган. Верешчагин ўз эсталикларида бошқа рус шовинист-импералистлари каби фикрлайди:

«Генерал Головачёв Каттақўрғон қалъасини қўлга олиш учун отланди, мен ҳам жанг манзараларини жиллақурса энди яқиндан кўрайин, деган умидда бу кичик сафарга бирга бордим, аммо чангдан бошқа ҳеч нарсани кўра олмадим, чунки отряддаги зобитларни ҳаддан ташқари афсуслантирган ҳодиса юз берди — қалъа жангсиз таслим бўлди.

Суворийлар бошлиғи Штрандман ишнинг бундай тинч якунланганидан ниҳоятда ғазабланди ва қалъанинг таслим бўлганини билдириб, садоқат изҳор этиб келган элчиларни менга топширинг, уларга довюракликни ўргатиб қўяман, деб генералдан талаб қилди. Отряд оташинлик билан кутган иш қўлдан кетди — мукофотлар, нишонлар, мартабалар бой берилди — алам қилмайдими?!»

Бошқа томондан рассомнинг Самарқанд ҳақидаги хотиралари рус аскарларининг шаҳарни босиб олишда кўрсатган хунрезликларини яққол тасвирлаб берган.

Чор Россияси аскарлари Самарқанд атрофида

Бу асари билан Верешчагин «Ўрта Осиё Россияга ўз ихтиёри билан қўшилган» деб тарғибот олиб борган совет идеологиясини ёлғон эканини исботлайди. Чунки Туркистон Чор Россияси томонидан куч билан босиб олинган эди.

Босқинчилар айниқса Самарқанд аҳли томонидан кўтарилган қўзғолонни бостиришгач, қутуриб кетишади ва ҳеч кимга раҳм-шафқат қилмайди. Рассом асарида шундай ёзади:

«Ўз ихтиёри билан жазоловчилар тўдасига қўшилган ҳарбий таъминотчи маъмурлардан бири менга сўзлаб берди: «Бир қанча аскарлар билан бир уйга бостириб кирдик, қариб, қоқ суяк бўлиб кетган кампир бизни «омон, омон!» деб қаршилади. Ўтирган чилтасининг остида бир нарса қимирлайди — қарасак, 16 ёшлардаги йигитча яширинган экан! Судраб чиқдик ва, албатта, бувисига қўшиб, найзага тортдик».

Аскарларга дўконларни талашга рухсат берилганди, у ёқдан нималарни олиб чиқишмади дейсиз! Улар ерлиларнинг бири-биридан чиройли ва нафис кийимларини кийиб, тақинчоқларини тақиб шундай ғалати кепатага тушишгандики, кўрган киши кулгидан ўзини сира тиёлмас эди. Бу ерда арзимаган бир-икки сўмга этнограф учун бутун бошли хазинага арзийдиган буюмларни сотиб олиш мумкин эди.

Ёнғин пайтида қанчадан-қанча мўъжизалар: кўҳна ёдгорликлар, ўймакор дарвозалар, устунлар ва бошқа нарсалар ёниб кетдики, эслашнинг ўзи даҳшат!

Назаров саккиз кунлик қамал чоғида бесаранжомлик келтирган кўҳна шаҳар билан ана шу тарзда ҳисоб-китоб қилиб, таскин топаётган эди: айниқса, у минорасидан туриб ярадорларимиз ва замбаракларимизга қараб ўт отилган Шердор мадрасасига бутун қаҳр-у ғазабини сочганди, «лаънати мачитдагиларнинг ҳаммасини найзага санчдим», деб мақтанганди кейин у».

1868 йилда Самарқандда кўтарилган қўзғолонни бостириш

Асарнинг давомида рассом шундай ёзади:

«Генерал Кауфман кўз ўнгимда аниқ жонланиб турибди, шунча алғов-далғовдан кейин у ёнида қурол топилгани учун ушланган ёки бошқа нохуш ишларда гумонсираб қўлга олинган турли-туман одамларни саройда суд қилиб, жазога ҳукм қиларди. Зобитлар қуршовида сафар ўриндиғига ястаниб олган олийжаноб Константин Петрович тўхтовсиз папирос чекар ва мутлақо шафқатсиз оҳангда: «Отиб ташлансин, отиб ташлансин, отиб ташлансин, отиб ташлансин!» деган гапни такрорларди, холос».

Рассом Туркистонда узоқ қолиб кетмайди. У 1868 йилда Россияга қайтади ва 1869 йилда Санкт-Петербургда илк бор Туркистонда чизган суратлари кўргазмасини ўтказади.

«Туркистон серияси» деб номланган тўпламда кўплаб расмлар бор эди. Кейнчалик бу тўплам Париж, Лондон ва Европанинг бошқа шаҳарларида ҳам оммага намойиш этилади.

Самарқандга ҳужум қилаётган Чор Россияси ҳарбийлари

Рассомнинг кейинги ҳаёти

Урушни ёқтирувчи шахс Верешчагин 1877 йилда Россия ва Усмонийлар империяси ўртасида уруш бошланганини эшитиб, рассом Болқон яриморолига жўнайди ва бориб рус ҳарбийларига қўшилади. Ана шу ерда Верешчагиннинг асл юзини очувчи ҳолатлардан бири содир бўлади.

Ортиқбой Абдуллаев рассомнинг «1868 йилда Самарқанд» асарини таржима қилар экан, унинг сўзбошисида шундай ёзади:

«1877 йилдаги Андрианапол босқини» («Живая старина», 1888) очеркидан бир лавҳа келтирамиз. Муаллиф бир ўринда булғорларнинг чақувига кўра икки албан йигити қамоққа олиниб, боғлаб қўйилгани ҳақида ёзади.

Томошаталаб рассом генерал Струковдан буларни дорга осинг, деб илтимос қилади. Генерал бунга кўнмайди, Ҳатто ҳайрон қолиб: «Василий Василевич, сизни бу даражада қонхўр деб ўйламагандим. Нега бунчалик ёвуз бўлиб кетдингиз!» — деб таъна қилади ҳам. Рассом эса дорга осиш манзарасини кўришни хоҳлаган эдим, деб бамайлихотир жавоб беради».

1877 йилда бўлиб ўтган жангларнинг бирида рассом оёғидан яраланади. Оёқни операция қилиб даволашади. Шундан сўнг Верешчагин Болқондан кетади ва Ҳиндистон, Фаластин ҳамда Сурия бўйлаб саёҳат қилади. Сўнг АҚШга ҳам боради.

Болқондаги Турк-рус уруши пайтида чизилган сурат

1904 йил 27 январда рус-япон уруши бошланади. Қирғинлар ва урушни хуш кўрувчи рассом яна урушга отланади.

1904 йил 31 март куни Верешчагин Порт-Артур қалъаси яқинида адмирал Степан Макаров билан бирга «Петропавловск» зирҳланган кемасида бўлган чоғида ҳарбий кема японлар минасига дуч келиб, портлайди. Оқибатда кемадаги ҳарбийлар билан бирга рассом ҳам ҳалок бўлади. Ўшанда рассом 61 ёшда эди.

Верешчагин ҳаёти давомида асосан бир қўлида мўйқалам ва икккинчисида қурол билан яшаб ўтган. У Чор Россиясининг босинчилик урушларида қатнашган ва бу йўлда кўплаб инсонларни ўлдириб, қўли қонга ботган.

Рассом ўз асарларида асосан урушни тасвирлаган. У «Туркистон серияси»дан ташқари «Кавказ серияси», «Варварлар» (Ёввойилар), «Болқон серияси», «Қатл этиш триологияси» ва ҳоказо туркум расмларини чизган.

Верешчагиннинг «Варварлар» (Ёввойилар) туркум расмлари ҳам Туркистонда чизилган ва унда рус босқинчилари мақталиб, маҳаллий аҳоли камситилиб, ваҳший сифатида тасвирланган.

Самарқанд кўчалари

Ортиқбой Абдуллаев Верешчагин ўз асарларида нималарни тасвирлагани ҳақида шундай ёзади:

«Босқинчилар ўлкамизни қилич ва тўп билан, зўравонлик билан забт этганини бугунги кунда тилга кирган турли-туман ҳужжатлар, далиллар исботлаб бермоқда. В. Верешчагин асарида тасвирланган ўликларни топтаб, янчиб ўтаётгган, мурданинг кўзига найза санчаётган, кекса кампир билан навжувон ўсмирни аямай қиличдан ўтказаётган, бегуноҳ муллани миноранинг учидан улоқтириб юборгани ҳақида мақтанаётган, буюк обидаларга ўт қўяётган бағритош аскарлар ҳақли равишда ўқувчи нафратига учрайди. Бу саҳифалар чоризм босқини ҳақидаги тасаввурларимизга аниқлик киритади, фикримиз уфқларини кенгайтириб, тарих ҳақиқатини қайтадан тирилтиради».

Совет ҳукуматининг Верешчагинга ва Россия империясига муносабати

Олчоқ совет ҳукумати 73 йил давомида СССРда кўплаб миллатларга ўз тарихларини ўрганишга йўл қўймади. Шу жумладан, ўзбек халқининг тарихи ҳам фақат салбий бўёқларда кўрсатилди.

Амир Темур, Бобур ва бошқа ҳукмдорлар қораланди. Чор Россияси Марказий Осиёни босиб олганча минглаб мадрасалар ва ўн минглаб бошлангич мактаблар фаолият кўрсатганига қарамасдан мактабларда ва олийгоҳларда ўзбек халқи 99 фоиз саводсиз бўлган, деб дарс берилди.

Рассом ўз юртини ҳимоя қилган самарқандликларни шу тарзда тасвирлаган

Бошқа томондан эса зўр бериб «улуғ рус халқи» кўкка кўтарилди. Иттифоқдош республикалардаги мактабларда ҳам тарих дарсларида рус ҳукмдорлари, жумладан княз Владимир, Дмитрий Донской, Иван Грозний, Пётр Биринчи каби ҳукмдорлар, Суворов ҳамда Кутузов каби қўмондонлар зўр бериб мақталди.

Совет идеологияси бир томондан кўплаб миллатлар учун иттифоққа бирлашиш (аслида барча миллатлар куч билан мажбуран бирлаштирилганди) афзаллигини уқтириб, Чор Россияси даврида барчаси ёмон бўлганини айтарди.

Иккинчи томондан Чор Россияси, умуман олганда Россия империяси мақталарди. Шу сабабли гарчи рассом бўлса ҳам қўлига қурол олиб бошқа юртларни босиб олишда қатнашган ва бу йўлда кўплаб инсонларни ўлдирган Верешчагин кўкка кўтариларди.

Совет даврида рассомнинг номи кўплаб кўчаларга берилганди. Шу жумладан, босқинчи рассомнинг номи Тошкентдаги кўчалардан бирига қўйилганди. Ўзбекистон мустақил бўлгач, кўча номи ўзгартирилди.

Ортиқбой Абдуллаев рассомга шундай таъриф беради:

«Верешчагиннинг рассомлиги, истеъдоди ўз йўлига. Аммо қандай одамлиги, маънавий дунёси, қалби қанчалик пуч эканини, зўравонлик, ўзгаларни эзиш, таҳқирлаш руҳи қон-қонига сингиб кетганини юқоридаги аччиқ манзара кўзгуда кўрсатгандек аниқ намоён этиб турибди. Афсус! Халқимиз топиб айтганидек «Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин!»

Верешчагин ва у мансуб бўлган гуруҳ босқинчилик сиёсатини муфассал авж олдираётган чоризмнинг садоқатли (аслида, манфур) қуллари сифатида тарихда қолди. Уларнинг ўзга халқларни эзиш, талаш, йўқ қилишдан иборат ёвуз кирдикорлари илғор инсоният вакиллари томонидан ҳамиша қораланади».

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид