Ўзбекистон | 14:28 / 08.09.2024
4802
2 дақиқада ўқилади

Бировнинг номига 20 млн сўм кредит олиб ўзлаштириб юборган шахс ушланди

У фуқарога ўзини банк оператори деб таништирган ва унинг шахсий маълумотларини қўлга киритган.

Жиззах вилоятида фуқароларнинг бирига ўзини банк ходими деб таништириб, унинг 20 млн сўм пулларини ўзлаштирган шахс ушланган. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Жиззах вилоятида яшовчи аёл М.С. ИИБга мурожаат қилиб, банк картасидан 20 млн сўм номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Жиззах вилоятида яшовчи Р.А. содир этгани аниқланган.

Унга кўра, гумонланувчи Р.А. жабрланувчи аёл М.С.га қўнғироқ қилган ва ўзини "банк оператори" сифатида таништириб, СМС хабарнома (сохта ҳавола) юбориш орқали шахсий маълумотларини қўлга киритган.

Сўнг унинг номидан мобил илова орқали рўйхатдан ўтиб, онлайн тарзда 20 млн сўм онлайн кредит расмийлаштирган ва ўша вақтнинг ўзида мазкур пулларни ўзининг банк картасига ўтказиб олган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Р.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилган.

“Сизда ҳам шундай ҳолат кузатиладиган бўлса, дарҳол 102 ёки 1102 ишонч рақамларига мурожаат қилинг”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид