Фан-техника | 20:47 / 09.09.2024
1000
2 дақиқада ўқилади

Google’нинг сердаромад реклама технологиялари бизнесига қарши суд бўлиб ўтади

Компания ўтган йили интернет фойдаланувчилари кўриши мумкин бўлган савдо рекламаларини жойлаштириш орқали 200 миллиард доллардан ортиқ даромад олган.

Фото: Reuters

АҚШ ҳукумати Google’нинг улкан даромад келтирувчи реклама технологиялари бизнесига қарши иш бошлади, деб хабар беради BBC.

Қайд этилишича, 9 сентябр куни Адлия вазирлигининг дунёга машҳур қидирув тизими — Google’га эгалик қилувчи Alphabet INC компаниясининг бозордаги монопол мавқейи иши бўйича суд жараёнлари бошланади.

Компания ўтган йили интернет фойдаланувчилари кўриши мумкин бўлган савдо рекламаларини жойлаштириш орқали 200 миллиард доллардан ортиқ даромад олган.

Alphabet’нинг қайд этишича, компаниянинг муваффақияти ўз хизматларининг «самарадорлигига» боғлиқ, бироқ прокурорлар компания рақобатчиларини йўқотиш мақсадида бозордаги устун мавқейидан фойдаланганини таъкидламоқда.

«Бу ҳар йили миллиардлаб доллар келтирадиган ҳақиқатда муҳим йўналиш. Ўйлайманки, бу суд жараёнидан барча истеъмолчилар манфаатдор», — дейди Жоржия университети ҳуқуқ факултети профессори Лора Филлипс-Сойер.

Бу АҚШдаги технологик гигант дуч келган иккинчи йирик антимонополия иши ҳисобланади. Августда судя Google’нинг қидирув тизимидаги устунлигини ноқонуний деб топган эди.

Суд қарорида келтирилишича, Alphabet INC компанияси бошқа технологик гигантларга ўз қидирув тизими смартфон ва браузерларга стандарт вариант сифатида ўрнатилиши учун 26 миллиард доллар тўлаган, бу орқали компания рақобатчиларининг бозорда муваффақиятга эришишига имконият қолдирмаган.

The New York Times’нинг ёзишича, мазкур қарор ҳукуматнинг монополияга қарши бошқа, масалан, Apple, Amazon ва Meta’га нисбатан даъволарига жиддий таъсир кўрсатган. Технологик компанияга қарши охирги антимонопол қарор Microsoft’га нисбатан 1998 йилда қабул қилинган. Таъкидланишича, Google’нинг монополист дея тан олиниши йирик технологик компаниялар ҳукмронлигига чек қўйишнинг бошланиши бўлиши мумкин.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид