Жаҳон | 21:33 / 10.09.2024
4104
2 дақиқада ўқилади

Google ва Apple миллиардлаб доллар жарима тўлаш бўйича Европа судида ютқазди

Люксембургдаги Европа суди Google’га қарши антимонополия ҳамда Apple компаниясига қарши ноқонуний солиқ имтиёзларини олиш бўйича қуйи инстанция судларининг қарорини тасдиқлади.

Фото: AP Photo

Люксембургдаги Европа суди Google’га қарши антимонополия ҳамда Apple’га қарши ноқонуний солиқ имтиёзларини олиш бўйича қуйи инстанция судларининг қарорини тасдиқлади, деб хабар беради The New York Times.

Google ишида суд Еврокомиссиянинг 2017 йилда компанияни бозордаги устун мавқеини суиистеъмол қилганлик учун 2,4 миллиард евро жаримага тортиш бўйича қарорини маъқуллади. 2021 йилда Google бу иш бўйича апелляцияда ютқазган эди. Люксембургдаги суд охирги инстанция бўлиб қолаётганди.

Apple ишида суд олдинги қарорни бекор қилди ва Еврокомиссиянинг 2016 йилда компания Ирландияда ноқонуний равишда солиқ имтиёзларини олгани бўйича қарорини қўллаб-қувватлади. Комиссиянинг таъкидлашича, компания томонидан олинган имтиёзлар Ирландия томонидан давлат ёрдами сифатида кўрсатилган. Хусусан, комиссия эътирози асосан солиқ базасидан интеллектуал мулк лицензиясидан фойдаланганлик учун олинган даромад чиқариб ташланганига бўлган. Энди Ирландия Apple’дан 13 миллиард евро миқдорида тўланмаган солиқларни ундириши керак.

Apple давлат ёрдами бўйича айбловни рад этган ва 2020 йилда Европа Иттифоқининг қуйи судида Еврокомиссия қарорини бекор қилишга эришган, аммо юқори инстанция суди айнан шу қарорни бекор қилди.

Google иши бўйича суд қарорини ғарб нашрлари антимонополия еврокомиссари Маргрет Вестагернинг ғалабаси деб атамоқда — у ушбу лавозимда фаолият юритиб келаётганидан бери монополияга қарши фаол курашяпти.

Вестагер Apple’га қарши ишга изоҳ берар экан, суд қарорини муҳим деб атаб, бу Европа солиқ тўловчиларига вақти-вақти билан солиқ адолатига эришиш мумкинлигини кўрсатиб қўйишга имкон беришини таъкидлади.

Мавзуга оид