Ўзбекистон | 14:23 / 11.09.2024
3796
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ўқитувчилар мактабдаги ободонлаштириш ишларига “ўз ихтиёри билан” қатнашгани айтилди

Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ўқитувчилар ўз ихтиёри билан ишлаганини айтиб, ҳозирда ҳолатни видеога олиб интернетда тарқатганларга қонун доирасида (!) чора кўриш юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги 75-сонли мактабда ўқувчи ва ўқитувчилар мажбурий меҳнатга чиқарилаётгани айтилган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раддия эълон қилди.

Раддияда ёзилишича, ҳолат туман мактабгача ва мактаб таълим бўлими ва ҳамкор ташкилот ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган.

Ўқувчиларнинг мактаб ҳовлисидаги ерни ишлаётган тасвирлари 2024 йил 19 апрел куни 9-"Б" синф (ўша пайтда 8-"Б"синф) ўқувчилари технология дарсида “Касбим фахрим” тўгараги машғулотларининг “Гулчилик касби, иссиқхона гуллари ва дала гуллари”мавзусидаги дарс доирасида ўз хоҳишлари билан ушбу микро участкага гул экмоқчи бўлганларини тушунтириш хатларида маълум қилишган.

Бундан ташқари, педагогларнинг мактаб ҳовлисида ободонлаштириш ишлари билан шуғулланаётганликлари тасвирланган видеолавҳа 2024 йилнинг 8 август куни олингани аниқланган.

Жорий йил 7 август куни 75-сонли мактабда навбатдан ташқари педагогик кенгаш йиғилиши ўтказилган ва унда мактаб директори томонидан ободонлаштириш ишларида ходимларнинг ёрдам бериши таклифи киритилган.

Ободонлаштириш ишларида мактабдаги 50 нафар ўқитувчидан 12 нафари ўз хоҳишларига кўра (!) иштирок этган.

Айни пайтда ҳолатни тасвирга олиб ғаразли мақсадларда ижтимоий тармоқларга тарқатган фуқарони аниқлаш ва унга қонун доирасида чоралар кўриш юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади раддияда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда ўқитувчиларни ўзларига тегишли бўлмаган турли ишларга жалб қилиш ҳолатлари жуда тез-тез учраб туради. Аксарият ҳолларда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлар “улар ўз ихтиёри билан ишлади” деган важлар билан сувдан қуруқ чиқиб кетишади.

Мавзуга оид