Жаҳон | 20:50 / 13.09.2024
3884
2 дақиқада ўқилади

АҚШда парвоз вақтида ҳарбий самолётнинг дум қисми узилиб тушди

Самолёт носозликка қарамай, кейинроқ муваффақиятли қўнишни амалга оширган. Boeing C-17 Globemaster III экипажи содир бўлган ҳолат юзасидан Чарлстон бирлашган базасига маълум қилиб, ортга қайтган.

Фото: ABC News

АҚШда Boeing C-17 Globemaster III ҳарбий самолётининг дум қисми парвоз вақтида ажралиб, Жанубий Королинадаги мактаб автотураргоҳига қулаб тушди, деб хабар беради ABC News.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг маълум қилишича, мазкур воқеа 12 сентябр куни соат 16:00 лар атрофида Ханахан шаҳридаги мактаб яқинида юз берган.

Қайд этилишича, самолёт носозликка қарамай кейинроқ муваффақиятли қўнишни амалга оширган. C-17 экипажи содир бўлган ҳолат юзасидан Чарлстон бирлашган базасига маълум қилиб, ортга қайтган.

Расмийларнинг сўзларига кўра, масъуллар самолётнинг ерга қулаган қисмини топган, жароҳат олиш ёки ўзгалар мулкига шикаст етиш ҳолати аниқланмаган.

Boeing компанияси 2024 йил давомида матбуот эътиборидан тушмай келмоқда. 5 январда Boeing 737 самолётини навбатдаги маротаба текширишга сабаб бўлган воқеа АҚШнинг Орегон штати осмонида содир бўлганди. Ўшанда Портленддан Калифорнияга учган самолётда парвоз бошланганидан 20 дақиқа ўтгач, фюзеляж элементларидан бири иллюминатор билан бирга узилиб тушган.

Май ойида эса Boeing самолётларини ишлаб чиқарувчи Spirit AeroSystems компаниясининг собиқ сифат аудитори Жошуа Дин 30 апрель куни вафот этган эди. Аввалроқ, у Spirit раҳбарияти 737 MAX самолётини ишлаб чиқариш жараёнидаги камчиликларга эътибор бермаётганини айтган.

Мавзуга оид