Ўзбекистон | 17:06 / 14.09.2024
2459
2 дақиқада ўқилади

Букмекерлик компаниясининг логотипидан фойдаланган реклама агентлиги жаримага тортилди

Ташқи реклама конструкцияларида “1XBET” белгисидан фойдаланган “Hamkor reklama servis” реклама агентлиги Рақобат қўмитаси томонидан жаримага тортди. Қонунчиликка кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар рекламасига йўл қўйилмайди.

Фото: Kun.uz

Рақобат қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишлари давомида “Hamkor reklama servis” МЧЖ томонидан Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида ташқи реклама конструкциялари орқали букмекерлик “1ХBET” реклама товар белгиси кўрсатилган ҳолатлар аниқланди.

Қўмита матбуот хизматининг хабар беришича, ҳолат бўйича “Hamkor reklama servis” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, қўмита ваколатлари доирасида қонунчиликда белгиланган тартибнинг максимал миқдорида молиявий жарима қўлланган.

Шунингдек, тўпланган ҳужжатлар жавобгарлик масалаларини кўриб чиқиш учун прокуратура органларига юборилган.

“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 46-моддасига мувофиқ, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни реклама қилиш тақиқланган.

Қонуннинг 47-моддасига биноан, реклама қилиниши қонунчиликда тақиқланган маҳсулот тўғрисида реклама тарқатиш 100 БҲМ (34 млн сўм) жаримага сабаб бўлади.

Аввалроқ, Рақобат қўмитаси реклама қонунчилиги юзасидан телеканалларга кўрсатма хати юборгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид