Жаҳон | 08:50 / 14.09.2024
6865
3 дақиқада ўқилади

Вашингтон ва Лондон Украинанинг Россияга зарба бериши бўйича қарорни кейинга қолдирди

АҚШ президенти Жо Байден Вашингтонда Британия бош вазири Кир Стармер билан учрашди. Икки етакчи Украинани қўллаб-қувватлашларини тасдиқладилар, бироқ Украина қуролли кучларига Ғарб қуроллари билан Россия Федерациясига ҳужум қилишга рухсат беришмади.

Фото: Kevin Lamarque/REUTERS

АҚШ президенти Жо Байден 13 сентябр, жума куни Вашингтонда Британия бош вазири Кир Стармер билан учрашди. Икки давлат етакчилари Украинани қўллаб-қувватлашларини яна бир бор тасдиқладилар. Бироқ учрашувдан сўнг Украина қуролли кучларининг Ғарб қуроллари билан Россия Федерацияси ҳудудидаги нишонларга зарба йўллаш бўйича кутилаётган рухсат эълон қилинмади.

Шу билан бирга, Байден ва Стармер Эрон ва Шимолий Кореянинг Россияга қуроллар етказиб бериши ҳамда «Хитой Халқ Республикасининг Россия мудофаа саноат базасини қўллаб-қувватлаётгани» ҳақида «чуқур ташвиш билдирди», дейилади Оқ уй сайтида.

АҚШ ва Британия етакчилари, шунингдек, «Исроил хавфсизлигига содиқликларини яна бир бор тасдиқладилар», «гаровга олинганларни озод қиладиган ва Ғазо секторига ёрдамни кўпайтиришга имкон берувчи зудлик билан ўт очишни тўхтатиш зарурлигини» таъкидладилар. Байден ва Стармер, шунингдек, «Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийчиларнинг Қизил денгиздаги савдо кемаларига ҳужумларини» қоралади.

Ниҳоят, Стармер ва Байден AUKUS хавфсизлик алянси ва икки мамлакатнинг технологик ҳамкорлиги, жумладан, яшил энергияга ўтиш масалаларини муҳокама қилди.

Лондон Украинага Россияга Storm Shadow ракеталари билан зарба йўллашга рухсат берди

Британия Украинага Россия ҳудудига ҳужум учун Storm Shadow қанотли ракеталаридан фойдаланишга рухсат беришга қарор қилди, деб хабар берди The Guardian газетаси 11 сентябр, чоршанба куни кечқурун Британия ҳукуматидаги манбаларига таяниб. Бу ҳақда нашр АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэммининг 11 сентябр куни Киевга қўшма ташрифига бағишланган мақоласида айтиб ўтган. Сафар чоғида улар Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашиб, Ғарб узоқ масофага мўлжалланган қуролларининг Россия ҳудудига зарбаларини муҳокама қилишган. 

Газета манбаларининг таъкидлашича, Блинкен ва Лэмми Киевга Storm Shadow бўйича ижобий қарор қабул қилингани учун бирга келган. Шу билан бирга, The Guardian қайд этишича, агар Лэмми қарорни Киевда эълон қилганида эди, унинг сўзлари кераксиз провокация сифатида қабул қилиниши мумкин эди.

Нашрнинг қўшимча қилишича, Украинанинг ракеталардан фойдаланиши «кераксиз ҳужумлар олдини олиш учун» чекловларга дучор бўлиши мумкин. Блинкен Киевга ташрифи чоғида Қўшма Штатлар биринчи кунданоқ Украинадаги жанг майдонидаги вазият ўзгарганлиги сабабли ўз сиёсатини мослаштиришга тайёр бўлганини айтди. «Биз буни давом эттирамиз», деди у.

Мавзуга оид