Жаҳон | 00:31 / 16.09.2024
3948
2 дақиқада ўқилади

Шанхай аэропортларида «Бебинка» тайфуни туфайли барча рейслар бекор қилинмоқда

Аэропортлар фаолиятининг қайта тикланиши бўйича қарор об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб қабул қилинади.

Фото: Reuters

Шанхай шаҳрининг иккита аэропорти — Пудун ва Хунцяода 15 сентябр куни кечаси амалга ошириладиган барча рейслар «Бебинка» тайфуни яқинлашаётгани сабаб бекор қилинди, деб хабар беради «Синхуа» агентлиги.

«Соат 20:00 дан кейин иккала аэропортда ҳам барча рейслар бекор қилинади», — дейилади «Шанхай аэропорти» корпорацияси хабарида.

Қайд этилишича, аэропортлар фаолиятининг қайта тикланиши бўйича қарор об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб қабул қилинади, йўловчиларга парвозларга оид ахборотларни кузатиб бориш тавсия қилинган. 

Шунингдек, Шанхай темирйўл вокзали ҳам бир қатор йўналишларда йўловчи поездлар қатновини тўхтатишни режалаштирмоқда. Шаҳар аэропортлари оператори рейслари қолдирилган йўловчилар учун вақтинча дам олиш зоналарини тайёрлаган, улар озиқ-овқат билан таъминланмоқда.

«Бебинка» тайфуни Шанхайдан 350 километр жануби-шарқда. Циклоннинг марказий қисмида шамол тезлиги сониясига 40 метрга етмоқда. У 16 сентябр тонгида Шанхайнинг соҳилга яқин ҳудудлари ва шарқий Чжэцзян провинциясига ёпирилиши кутилмоқда.

Хитой Марказий метеоролик бошқармаси тайфун туфайли энг юқори — «қизил» хавф даражасини эълон қилган. Мазкур тайфун Шанхайга 1949 йилдан бери ёпирилган энг кучли табиий офат бўлиши кутилмоқда.

Мавзуга оид