Жаҳон | 13:12 / 18.09.2024
19101
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британияда қироллик фермаси учун чўпон қидирилмоқда

Чарлз III нинг севимли дам олиш маскани бўлган Сандрингемдаги фермада 2 мингга яқин қўй боқилади.

Фото: Reuters

Сандрингем саройи сайтида янги вакансия пайдо бўлди: Чарлз III нинг мулкига қироллик қўй подаларига қарайдиган янги тажрибали чўпон қидирилмоқда.

Бўш иш ўрни эълонида қайд этилишича, Сандрингемдаги 200 гектардан ортиқ яйловни қамраб олган фермада қўй ва шортгорн зотли қорамоллар етиштирилади. У ерда 2 мингга яқин қироллик қўйлари боқилади.

Буюк Британия фуқаролари ушбу лавозимга даъвогарлик қилиши учун камида икки йиллик тегишли тажрибага, ҳайдовчилик гувоҳномасига ва шахсий итга эга бўлиши лозим.

“Чорвачиликка иштиёқи бор, очиқ фикрли, ўрганиш ва ривожланишга тайёр бўлган номзодларга” устунлик берилади. Талабгор “жамоа билан ишлайдиган ва мақсадга интилувчан бўлиши, ҳайвонларни ҳимоя қилишнинг энг юқори стандартларини сақлай олиши” мақсадга мувофиқдир.

Ишнинг асосий қисми чорва молларини ҳар куни ўтлатиш, шунингдек қиш ва баҳор ойларида подани сақлашга кўмаклашишдан иборат. Аризаларни топширишнинг сўнгги муддати 27 сентябр.

Сандрингем Буюк Британия қироли Чарлз III ва қиролича Камилланинг энг севимли дам олиш жойи ҳисобланади. 2019 йилда, ҳали шаҳзодалик пайтида, Чарлз шаҳар ташқарисида жойлашган қўрғондаги фермада чорва молларининг сонини кўпайтиришни буюрганди. У қўрғонни 2022 йил сентябр ойида онаси, қиролича Елизавета II вафот этганидан сўнг мерос сифатида олди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид