Жаҳон | 08:30 / 24.09.2024
10670
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Байдендан Трамп ғалаба қозонган тақдирда кафолат сўрамоқда

The Sunday Times газетасининг ёзишича, Украина «ғалаба режаси»да Трамп Оқ уйга қайтса, Киевнинг Россия шартлари асосида тинчлик ўрнатишга мажбур бўлишининг олдини олиш чоралари мавжуд.

Фото: COMMONWEALTH MEDIA SERVICES/Handout via REUTERS

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШга олиб келган «ғалаба режаси»да республикачи номзод Доналд Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонган тақдирда Украина учун кафолатлар ҳам бор. Бу ҳақда 22 сентябр куни The Sunday Times нашри манбаларга таяниб хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Зеленский Оқ уйда Жо Байденнинг ўтмишдоши, шунингдек, Республикачилар партиясидан вице-президентликка номзод Жеймс Дэвид Вэнс Украинадаги урушни ҳудудий имтиёзлар орқали тугатишга ваъда берганидан кейин «Американинг Киевни қўллаб-қувватлашини Трампдан ҳимоя қилмоқчи».

Зеленский ўз режасини АҚШнинг амалдаги маъмурияти қўллаб-қувватлашига эришишга уриниб, агар Трамп Оқ уйга қайтса, ўз мамлакатини Россия билан ноқулай тинчлик битимига мажбурланишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда. «Украина ғалаба қозонишини истайдиган барча амалдорлар ўз лавозимида турган бир пайтда буларнинг барчасини бугун қилайлик», — дея Украина президентининг сўзларидан иқтибос келтиради Британия газетаси.

«Украина ғалабаси режаси» 

Украина президенти Володимир Зеленский Америка давлат раҳбари Жо Байденга тўрт асосий ва битта қўшимча банддан иборат «Украина ғалабаси режаси»ни тақдим этади. Зеленский CNN журналисти Фарид Закарияга берган интервюсида режанинг айрим тафсилотларини ошкор қилди. Суҳбатдан парчалар 15 сентябр куни «Украинская правда» нашри томонидан чоп этилган.

«Мен бир нечта бандларни тайёрладим. Улардан тўрттаси асосий бандлар, плюс биттаси эса урушдан кейин бизга керак бўлади», деди Зеленский. Унинг сўзларига кўра, гап хавфсизлик, Украинанинг геосиёсий ўрни, жуда кучли ҳарбий ёрдам, шунингдек, иқтисодий ёрдам бўйича қарорлар ҳақида бормоқда. «Агар президент Байден бизнинг режамизни қўллаб-қувватласа, у ва унинг жамоаси бизнинг позициямизни мустаҳкамлайдиган яна бир нарсани қўшса, биз тайёрмиз», - дея қўшимча қилди Украина раҳбари.

Мавзуга оид