26 сентябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Пойтахт ҳавосини ифлослантирувчи мазутдан воз кечилади, Самарқандда қуритилган боғлар прокуратура назоратида, Ўзбекистонда тиббиёт туризми ривожлантирилади — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Пойтахт ҳавосини ифлослантирувчи мазутдан воз кечилади
2030 йилдан Тошкент шаҳри ва унинг атрофида мазутдан фойдаланиш тақиқланади. Пойтахт атрофидаги кўмирда ишлайдиган иссиқхоналарга эса филтрлар ўрнатилади.
2028 йилгача кучли чанг бўронларини ҳозиргига нисбатан 50 фоизга камайтириш вазифаси қўйилди.
“Евро–4” стандартидан паст ёқилғиларни босқичма-босқич чеклашни бошлаш 2028 йилга қолдирилди.
2025 йил 1 январдан Тошкент шаҳрининг 12 та туманида фон мониторингини амалга ошириш учун автоматлаштирилган кичик станцияларни ўрнатиш ишлари бошланади.
2026 йил 1 январдан пойтахтда ўрнатилган махсус монитор ва таблоларда мажбурий равишда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ҳамда гидрометеорологик маълумотлар эълон қилиб борилади.
Бу чораларнинг барчаси «Чанг бўронларига қарши курашиш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорида акс этган.
Шунингдек, 2025–2030 йилларда Тошкент шаҳар ва унга туташ Тошкент вилояти ҳудудларидаги жами 441 гектар ер майдонларида “яшил белбоғ” ва “яшил боғлар” ташкил қилиниши режалаштирилган.
Қуриган боғлар масаласи прокуратура назоратига олинди.
Тошкентда яшил боғлар ташкил қилинган бўлса, Самарқандда ташкил қилингани қуритилди. Kun.uz’да эълон қилинган лавҳага кўра, Самарқандда халқаро тадбирлар доирасида катта тантана билан очилган иккита боғ қуритилган.
«CRIC-21 яшил боғи» деган тантанали ном билан 2023 йилнинг 13 ноябрида Самарқанд шаҳрида БМТнинг Чўллашишга қарши курашиш конвенциясини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида барпо этилган эди.
Иккинчи боғ 2024 йилнинг февралида Самарқандда ўтказилган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конвенция томонларининг 14-конференцияси — COP14 йиғилиши доирасида барпо этилган ва «COP-14 Яшил жамоат парки» деб аталганди.
Ҳолатни ўрганиш учун вилоят прокуратураси томонидан вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳ тузилган.
Самарқанд вилояти прокуратурасининг хабар беришича, мақолада кўрсатилган ҳолатларни ўрганиш учун Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳ тузилган.
«Ишчи гуруҳи аъзолари жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишларини амалга оширмоқда. Ўрганиш натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади», дейилади хабарда.
Яна икки туманда ҳоким ўзгарди
Кеча Тошкент шаҳрида иккита ва Сурхондарёнинг бир туманида ҳоким ўзгаргани хабар берилган эди. Пойтахт ва Сурхондарёда яна биттадан туманларга янги ҳокимлар тайинлангани маълум бўлди.
Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида 2023 йилнинг январидан буён туман ҳокими вазифасида ишлаб келган Улуғбек Зокиров бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди.
Унинг ўрнига Акбарали Ишмурзоев Шўрчи тумани ҳокими этиб тайинланди. Тайинловга қадар Ишмурзоев 2023 йилдан буён Денов тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.
Асли банкир бўлган ва 1997-2022 йилларда турли банкларда ишлаган Улуғбек Зокиров 2023 йил январида Шўрчи тумани ҳокимлигига тайинланганди.
Тошкент шаҳрининг Учтепа туманига Бунёд Бахтиёрович Мамажонов ҳоким этиб тайинланди.
У 2020 йилдан шу кунга қадар «Асакабанк» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган.
2019 йил майидан буён Учтепа туманига Фарҳод Абдуллаев раҳбарлик қилиб келаётган эди. Унинг кейинги фаолияти ҳақида ҳозирча маълумот берилмади.
Ўзбекистонда тиббиёт туризми ривожлантирилади
Туризм қўмитасига юклатилган қўшимча вазифаларга кўра, Ўзбекистоннинг чегара божхона постлари ҳудудида хорижий фуқаролар учун республикадаги тиббиёт, соғломлаштириш муассасалари имкониятлари тўғрисида тарғибот кампаниялари ташкил қилинади.
Бу «Ўзбекистонда тиббий ва соғломлаштириш туризмини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорида акс этган.
Қарорга кўра, шунингдек, «Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги» (Medical service hospitality) дастури амалга оширилади, «Авиценна» номи остида Ўзбекистоннинг тиббий ва соғломлаштириш туризми бренди ишлаб чиқилади ва бошқа чора-тадбирлар амалга оширилади.
Аввалроқ Статистика агентлиги 2024 йилнинг январ-август ойларида 74,7 минг нафар чет эл фуқаролари даволаниш мақсадида Ўзбекистонга келганини маълум қилган эди.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 34 минг нафарга ёки 83,6 фоизга ошган.
Ўзбекистонга даволаниш мақсадида келган чет эл фуқаролари орасида Тожикистон (57 минг 380 нафар) ва Қозоғистон (8542 нафар) етакчилик қилмоқда.
Мавзуга оид
21:12 / 14.11.2024
14 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар
20:58 / 13.11.2024
13 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:01 / 12.11.2024
12 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:00 / 11.11.2024