27 сентябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ислоҳ қилинаётган пенсия тизими, Андижонда сел қулаган кўприк қурилиши, солиқ ва божхона имтиёзга эга корхоналар ҳисоботи, «Имтиёзхўр» корхоналар, Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара шартномаси БМТ Котибиятида — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Пенсия тизими ислоҳ қилинади
2025 йил 1 мартга қадар давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, амалдаги давлат пенсия таъминоти тизимида мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда илғор хорижий тажриба асосида пенсия таъминоти тизимининг барқарорлигини таъминлаш ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлашга қаратилган таклифларни тайёрлашга масъул ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Ишчи гуруҳ 2025 йил 1 мартга қадар давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиши ва киритиши лозим.
Ишчи гуруҳга белгиланган вазифаларни амалга оширишда вазирлик ва идоралар, илмий ва таълим ташкилотлари, халқаро ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек, маҳаллий ҳамда хорижий эксперт ва маслаҳатчиларни жалб қилиш ҳуқуқи берилган.
Ислоҳотлар натижасида пенсия ёши Ўзбекистонда эркаклар учун 65 ёшга, аёллар учун 60 ёшгача кўтарилиши мумкинлиги ҳақида тасдиқланмаган хабарлар янграмоқда. Ҳозир Ўзбекистонда пенсия ёши мос равишда 60 ва 55 ёшни ташкил этади.
Андижонда сел қулатган кўприк
2024 йил 13-14 июл кунлари кучли ёғингарчилик оқибатида Фарғона водийси ва Қирғизистоннинг Ўш вилоятларида кучли сел келди. Оқибатда Андижон вилояти Хўжаобод ва Жалақудуқ туманлари ўртасидаги Ёрқишлоқ қишлоғида сой устига қурилган кўприк қулаб тушган эди.
Натижада, икки туманнинг йирик аҳоли пунктлари ўртасидаги автомобил қатнови тўхтаб қолди. Ҳокимлик қуриб берган вақтинчалик – сувга ташланган йирик қувурлар устидан шағал ташлаб ясалган кўприк эса жуда хавфли бўлиб, ёз ойларида бир неча марта оқиб кетган.
Kun.uz'га мурожаат қилган маҳаллий аҳоли вакилларининг маълум қилишича, орадан 2 ойдан зиёдроқ вақт ўтган бўлса-да, қулаб тушган кўприкни тиклаш ишлари амалга оширилмаган.
Вилоят ҳокимлиги қурилиш тўхтаб қолганини рад этди.
Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов мазкур кўприк масаласида Kun.uz'га маълумот берди. Унинг маълум қилишича, айни вақтда кўприкни тиклаш ишлари давом этмоқда.
“Оқбўрасой” устидан ўтган кўприкни тўлиқ таъмирлаш ишлари 21 октябрга қадар тугатилади ҳамда фойдаланишга топширилади.
«Имтиёзхўр» корхоналар
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Солиқ ва Божхона қўмиталари томонидан очиқ эълон қилинган маълумотлар асосида солиқ тўловчиларнинг 2024 йил 1 ярим йиллик якуни бўйича солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланиш ҳолатларини таҳлил қилди.
2024 йилнинг январ-июн ойларида UzAuto Motors 25 млн доллардан ортиқ, BYD Uzbekistan Factory 22 млн доллардан ортиқ, ADM Jizzakh 14 млн доллардан ортиқ имтиёзлардан фойдаланган.
Бу вақт мобайнида Enter Engineering компанияси баҳраманд бўлган имтиёзлар қиймати 45 млн доллардан ошади.
Шунингдек, ҳисобот даврида UzAirways 1,08 трлн сўм, Ўзтемирйўллар 558 млрд сўмлик солиқ имтиёзидан фойдаланган. Марказий Осиё – Хитой газ қувурлари тармоғининг Ўзбекистондан ўтган қисми оператори – Asia Trans Gas эса 462,7 млрд сўмлик имтиёзлардан фойдаланган.
Таъкидланишича, йилнинг биринчи ярмида умумий солиқ ва божхона имтиёзлари қиймати 63,4 трлн сўмни ташкил этган.
Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара шартномаси БМТда
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш ва эълон қилиш учун зарур ҳужжатлар БМТ Котибиятига топширилди.
Битим Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан 2022 йил 22 декабр куни Қозоғистон раҳбарининг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган ва 2023 йил 4 июл куни кучга кирган.
Ушбу ҳужжат Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини халқаро ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш бўйича кўп йиллик ҳамкорликдаги ишларнинг натижасидир.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари Давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартноманинг БМТ Котибиятида рўйхатдан ўтказилгани Марказий Осиё давлатлари учун мисли кўрилмаган тажриба эканини таъкидлади.
Ҳужжатнинг тарихий аҳамияти эътироф этилиб, ушбу воқеа икки мамлакатнинг яхши қўшничилик ва абадий дўстлик тамойилларига содиқлигини, иттифоқчилик муносабатлари руҳини, умумий фаровонлик манфаати учун ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрлигини яна бир бор тасдиқлаши қайд этилди. Шунингдек, мазкур ҳужжат Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига урғу берилди.
Мавзуга оид
19:45 / 15.11.2024
15 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар
21:12 / 14.11.2024
14 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар
20:58 / 13.11.2024
13 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:01 / 12.11.2024