Жаҳон | 20:26 / 27.09.2024
14466
2 дақиқада ўқилади

Украина суди Алишер Усмоновнинг қарийб 50 миллион доллар активларини мусодара қилди

160 минг тоннадан ортиқ темир рудаси, шунингдек, «Петер-Сервис Украина» устав капиталининг 100 фоизи давлат даромадига айлантирилиши ҳақида ҳукм чиқарилди.

Фото: Getty Images

Украина Олий аксилкоррупция суди (ВАКС) олигарх Алишер Усмоновнинг икки миллиард гривнадан (48,2 миллион доллар) ортиқ мол-мулкини мусодара қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Forbes нашрининг Украина адлия вазири ўринбосари Инна Богатихга таяниб хабар беришича, 160 минг тоннадан ортиқ темир рудаси, шунингдек, «Петер-Сервис Украина» устав капиталининг 100 фоизи давлат даромадига айлантирилган.

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, бу аввал Усмонов назоратида бўлган IT-компания. ВАКС қарори ҳали кучга кирмаган ва шикоят қилиниши мумкин.

2022 йилда Украина Хавфсизлик хизмати Украина денгиз портларидаги бир нечта ер ости омборларида сақланаётган ва Усмоновга тегишли бўлган темир рудаси мусодара этилганини эълон қилди.

Бошқарма маълумотларига кўра, хомашё яширин тарзда Россияга кемада олиб ўтилиши ва металлургия саноати ва ҳарбий-саноат комплекси эҳтиёжлари учун ишлатилиши режалаштирилган эди.

Алишер Усмонов Россиядаги энг бой одамлардан бири. Forbes маълумотларига кўра, унинг бойлиги 13,4 миллиард еврога баҳоланган. Россия-Украина уруши бошланганидан кейин унга қарши Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британия томонидан санкциялар жорий этилди. Усмонов ушбу санкциялар олиб ташланиши учун турли судларда курашмоқда.

Мавзуга оид