Жаҳон | 08:40
2114
4 дақиқада ўқилади

Ходорковский «ФБК»ни судга бермасликка қарор қилди

Михаил Ходорковский ўзини «муҳим элементи» деб ҳисоблаган «Россия мухолифатига яна бир зарба» бермаслик учун «Невзлингейт» бўйича Коррупцияга қарши кураш жамғармасига қарши даъво киритмаслигини айтди.

Фото: AP

Сиёсатчи ва бизнесмен Михаил Ходорковский ЮКОС асосчиси Леонид Невзлин буюртма қилгани айтилаётган «ФБК» ходимларининг ҳаётига суиқасдлар ҳақидаги суриштирув филми туфайли Коррупцияга қарши курашиш жамғармасига («ФБК») даъво аризаси билан мурожаат қилмайди. Бу хулосани Ходорковскийнинг журналист Александр Плюшчев билан 26 сентябр, пайшанба куни The Breakfast Show YouTube-каналида чоп этилган интервюсидан чиқариш мумкин.

Интервюда Ходорковский «ФБК» суриштирувини ўзига қарши ҳужум деб ҳисоблашини айтди, чунки у ерда унинг исми 40 мартадан кўпроқ тилга олинган. Тадбиркор адвокатларидан ўзини обрўсизлантирадиган маълумотларни тарқатиш бўйича даъво тайёрлашни сўраган, аммо унинг сўзларига кўра, охир-оқибат у судга бориш ҳақидаги фикрини ўзгартирган, чунки бу «Россия мухолифатига иккинчи зарба бўлади». Михаил Ходорковский ўзини Россия мухолифатининг «асосий элементи» деб билишини ва одамларни Путин режимига ва Украина билан урушга қарши биргаликда курашишда асосий шахс сифатида кўришини таъкидлади.

Ходорковский, шунингдек, «ФБК» томонидан тақдим этилган далилларга қарамай, у ҳали ҳам Леонид Невзлиннинг айбига шубҳа қилишини айтди. «Мен унга (Невзлин) тўғридан тўғри савол бердим: «Бунга қандай алоқанг бор?» У менга: «Ҳеч қандай буюртма бермаганман. Тергов органлари билан ҳамкорлик қиламан», деди. Бу мени бироз тинчлантирди. Чунки Леонид Борисович, умуман олганда, ҳеч қачон ёлғон гапирмаган», — дейди ЮКОС собиқ раҳбари.

«Невзлингейт» ва Ходорковский

12 сентябр куни «ФБК» ўзининг YouTube-каналида суриштирув эълон қилди, унда тадбиркор ва жамоат арбоби Леонид Невзлин Коррупцияга қарши кураш фонди («ФБК» ) собиқ директори Леонид Волков ва яна икки россиялик мухолифатчига ҳужумлар тайёрлашда айбланди. Видеода, шунингдек, Ходорковский Невзлин билан чамбарчас боғлиқлиги айтилади. «ФБК» «Михаил Ходорковский тузилмалари билан ҳар қандай даражада ҳамкорлик қиладиган ҳар бир кишини вазият ва унинг шахсий иштироки даражаси аниқланмагунча буни тўхтатишга» чақирди.

Ходорковский суриштирув эълон қилинганидан сўнг, Невзлин «ақлдан озган» ёки бу «ФСБ» провокацияси ва кўп пул сарфланган фейк» деб тахмин қилди. «Агар «ФБК» мени далил билан айбламоқчи бўлса, улар менинг обрўмга путур етказиши эмас, балки судга мурожаат қилишлари мумкин», деди тадбиркор. Шу билан бирга, у Невзлиннинг узоқ муддатли «бизнес шериги, иттифоқчиси ва дўсти» эканлигини инкор этмади, лекин «сиёсий маънода» улар «бошқа йўллардан» кетаётганини айтди.

Леонид Невзлиннинг ўзи Коррупцияга қарши кураш фонди томонидан қўйилган айбловларни «Москвада ўйлаб топилган уйдирма» деб атади ва демократик мамлакатда адолат уларнинг «бемаънилик ва тўлиқ номувофиқлигини» тасдиқлайди, дея ишонч билдирди.

Мавзуга оид