Япония иккита гигант пандани Хитойга қайтариб юборди
Япония чартер рейс билан Лили ва Синсин лақабли иккита пандани Хитойга учириб юборди — улар 2011 йилдан бери Токиодаги Уэно ҳайвонот боғида яшаб келаётган эди.
Япония чартер рейс билан Лили ва Синсин лақабли иккита гигант пандани Хитойга учириб юборди. Улар 2011 йилдан бери Токиодаги Уэно ҳайвонот боғида парвариш қилиб келинаётган эди. Ҳайвонларни Хитойга қайтариш борасидаги қарор уларнинг соғлиғи ёмонлашгани туфайли қабул қилинган.
Kyodo агентлигининг ёзишича, охирги вақтларда Лили ва Синсинда қон босимининг ошиши кузатилган. Япон ва хитой шифокорлари пандаларни тўлиқ даволаш учун имконият борида уларни Хитойга қайтариш зарур деган хулосага келган. Пандалар қайтарилишидан олдин улар билан хайрлашгани минглаб инсонлар ташриф буюрган.
Лили ва Синсин 2005 йили Хитойда туғилган. Улар селекцион тадқиқотлар ўтказиш мақсадида Уэнога юборилган. Ўтган вақт давомида Синсин Токио ҳайвонот боғида тўртта пандани дунёга келтирган — уларнинг биринчиси ўпка шамоллашидан нобуд бўлган.
Дунёдаги барча пандалар Хитойга тегишли бўлиб, турли давлатлар уларни ижарага олиши мумкин. Бунинг учун ҳар бир жуфт учун 250 мингдан 1 миллион долларгача тўловни амалга ошириш керак.
Аввалроқ Ҳонгконгда кекса гигант панда илк бор она бўлди, у эгизакларни дунёга келтирган эди. Бу пандачаларнинг дунёга келиши — ноёб ҳодиса, чунки ҳеч бир гигант панда бунчалик кеч она бўлмаган.
Мавзуга оид
00:06
Япониялик олимлар денгиз сувида парчаланувчи пластик материални ихтиро қилди
18:17 / 23.11.2024
Японияда одамларни ювинтирадиган кир машинаси ихтиро қилинди
21:47 / 17.11.2024
Япония қирғоқларида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди
18:48 / 14.11.2024