АҚШда «Ҳелен» тўфони қурбонлари сони 90 кишидан ошди
Қўшма Штатлар Шимолий Каролина, Флорида ва мамлакат жануби-шарқидаги бошқа бир қатор штатларда кучли сув тошқинлари ва кўчкиларга олиб келган вайронкор «Ҳелен» тўфони сабаб бўлган офат кўламини баҳоламоқда.
АҚШ жануби-шарқида содир бўлган вайронкор «Ҳелен» тўфони қурбонлари сони 90 кишидан ошди. Шимолий Каролинанинг биргина Банкомб округида 30 киши табиий офат қурбонига айлангани хабар берилган. 30 сентябр, душанба куни AFP Шимолий Каролина, Жанубий Каролина, Жоржия, Флорида, Теннесси ва Виржиния штатларида маҳаллий расмийлар ва оммавий ахборот воситалари хабарларига таяниб, жами 93 киши ҳаётдан кўз юмганини маълум қилди.
Тўфон ва у келтириб чиқарган ҳалокатли сув тошқини бир неча штатларда 2,7 миллионга яқин хонадонни электр энергиясидан маҳрум қилди, уйлар, савдо бинолари ва йўллар, шунингдек, сув ва алоқа тизимлари шикастланган ёки бутунлай вайрон бўлган. Минглаб одамлар вақтинчалик бошпаналарга жойлаштирилди. Расмийлар электр таъминотини тиклаш устида ишламоқда, бироқ иш яна бир неча кун давом этиши мумкин, деди энергетика вазирлиги вакили.
АҚШда 600 киши ҳалок бўлган бўлиши мумкин
АҚШнинг жануби-шарқида содир бўлган «Ҳелен» тўфони 600 га яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган бўлиши мумкин, дея тахмин қилмоқда Вашингтон. 30 сентябр куни АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги маслаҳатчиси Лиз Шервуд-Рэндал шундай деди: «Бизда мавжуд бўлган маълумотларга кўра, тўфон 600 кишининг ҳаётига зомин бўлган бўлиши мумкин». Расмийнинг таъкидлашича, қурбонлар сони ҳақида якуний тасдиқ ҳали йўқ.
Reuters хабарига кўра, табиий офатдан энг кўп жабр кўрган Флорида, Жоржия, Шимолий ва Жанубий Каролина штатларида, шунингдек, Теннесси ва Виржинияда «Ҳелен» тўфони туфайли жами юздан ортиқ одам ҳалок бўлган. Агентлик қайд этишича, қурбонлар сони ортиши мумкин.