Жаҳон | 20:50 / 14.11.2024
1590
2 дақиқада ўқилади

Филиппинга «Усаги» тўфони ёпирилди

Метеорологлар сув тошқинлари ва кўчкилардан огоҳлантирмоқда. Соҳил бўйидаги ҳудудларда кузатиладиган тўлқинлар баландлиги 3 метрга етиши мумкин.

Фото: AP

Филиппин шимоли-шарқига «Усаги» тўфони ёпирилди — бу охирги уч ҳафтада кузатилган бешинчи табиий офатдир, деб хабар беради Associated Press.

Қайд этилишича, тўфон Филиппин архипелагидаги энг йирик орол ҳисобланувчи Лусонда жойлашган Кагаян провинциясига етиб келган. Тўфон зонасида шамол тезлиги сониясига 49 метрга, унинг марказида эса 66 метр/сонияга етган.

Метеорологлар сув тошқинлари ва кўчкилардан огоҳлантирмоқда. Соҳил бўйидаги ҳудудларга ёпириладиган тўлқинлар баландлиги 3 метрга етиши мумкин.

Аввалроқ ҳукумат 20 мингдан ортиқ аҳолини эвакуация қилганди. Прогнозларга кўра, тўфон шимоли-ғарбий йўналишда ҳаракатини давом этириб, Тайванга қадар етиб боради.

«Усаги» Филиппинда охирги уч ҳафтада кузатилган бешинчи тўфондир. Бундан олдин «Торажи» тўфони ёпирилиши оқибатида 2,5 минг киши эвакуация қилинган ва портлар ёпилган эди. Октябр охирларида Филиппинга ёпирилган «Трами» тропик тўфони натижасида юзага келган сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 110 кишига етганди.

Ҳукумат миллионлаб одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган ва қишлоқ хўжалиги майдонларини вайрон қилган охирги тўртта тўфон оқибатларини бартараф этишда қийналмоқда. Ижтимоий таъминот вазирининг ёрдамчиси Ирен Думлаонинг сўзларига кўра, президент Фердинанд Маркос администрацияси тўфондан жабр кўрган юз минглаб фуқароларни озиқ-овқат билан таъминлашга 17 миллион доллар сарфлаган.

Мавзуга оид