Жаҳон | 09:50 / 02.10.2024
2393
3 дақиқада ўқилади

Киев УҚК ҳарбийларининг РФ аскарлари томонидан ўлдирилишини тергов қилмоқда

Россия ҳарбийлари украиналик ҳарбий асирларни фронтда «оммавий қатл этиш»да гумон қилинмоқда, деди Украина бош прокурори Андрей Костин.

Фото: РИА Новости

Украина прокурорлари россиялик аскарларни Донецк областида 16 нафар украиналик ҳарбий асирни ўлдирганликда гумон қилмоқда. Украина Бош прокуратураси 1 октябр, сешанба куни уруш қонунлари ва одатларини бузиш бўйича судгача тергов бошланди. Тергов бошланишига Украина Telegram-каналларида тарқалган видео сабаб бўлди. Унда россиялик аскарларнинг таслим бўлган Украина Қуролли кучлари (УҚК) аскарларини ўққа тутиши тасвирланган.

Видеода Россия аскарлари томонидан асирга олинган Украина Қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари ўрмон ҳудудидан қандай чиқиб келгани тасвирланган. «Улар саф тортгандан сўнг, оккупантлар уларни ўлдириш учун атайлаб ўқ узган. Тирик қолган ярадорларни автоматдан ўқ узиб, узоқ масофадан туриб ўлдиришган», — дейилади прокуратура баёнотида.

Украина бош прокурори Андрей Костиннинг таъкидлашича, бу «украиналик ҳарбий асирларни фронтда қатл этиш бўйича маълум бўлган энг оммавий ҳолат». Костиннинг сўзларига кўра, украиналикларнинг қатл этилиши ва қийноққа солиниши «тасодифий ҳодиса эмас, балки Россия ҳарбий ва сиёсий раҳбариятининг сиёсатидир».

Россия қамоқхоналарида 14 мингдан ортиқ Украина фуқароси сақланмоқда

30 сентябр куни Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамияти (Internationale Gesellschaft für Menschenrechte - IGFM) маълум қилишича, ҳозирда Россия қамоқхоналарида 14 мингдан ортиқ украиналик сақланмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Россия Федерациясининг камида 10 та ҳудудида Украина фуқаролари ҳибсга олинган махсус муассасалар мавжуд.

Украинага қайтишга муваффақ бўлган маҳбусларнинг айтишича, қамоқда ўтирганларида улар жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликка учраган. «Меҳнат лагерида мени зўрлашди ва қийноққа солишди», деди олти ойдан кўпроқ асирликда ўтирган Запорижжя областида яшовчи Елена Ягупова. Херсонлик Александр Тарасов бир йилни Россия асирлигида ўтказган, у электрошокер билан қийноққа солинганини ва Украина фуқароларини ўғирлашда иштирок этганларга нисбатан шахсий санкциялар қўлланишига эришиш ниятида эканини айтди. «Биз халқаро суд олдида жавоб бериши керак бўлган тузилма, судялар ва полиция ҳақида биламиз», деб таъкидлайди эркак.

Мавзуга оид