Жаҳон | 16:56 / 02.10.2024
28579
8 дақиқада ўқилади

Россия армияси Украинанинг «қалъа шаҳри» Вуҳледарни эгаллади 

Бу Украинанинг бутун Донбассдаги мудофаасида муҳим нуқта эди. Украина қуролли кучлари нима учун позицияларни ушлаб қола олмади? Ва шаҳар бой берилиши қандай таҳдидларни юзага келтиради?

Фото: Gaelle Girbes / Getty Images

Россия қўшини Донецк области жануби-ғарбидаги Вуҳледар шаҳрини назоратига олди. Дашт ўртасидаги ушбу аҳоли яшаш манзили учун жанглар 2022 йил мартидан буён давом этаётганди. Ўшанда шаҳарга Украина қуролли кучларининг фаронт чизиғидаги қисмлари кирганди. Шундан кейин ўзаги 72-механизациялашган бригададан иборат бўлган Украина мудофааси РФ қуролли кучларининг бир неча йирик штурмларига дош берди. Аммо 2024 йил кузига келиб бригаданинг Вуҳледарда қолган бир неча юз жангчиси (қолганлар шаҳардан шимоли-ғарб томон кетувчи сўнгги йўлни ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда) қуршовга тушиб қолмаслик учун позицияларини тарк этди. Украина қуролли кучларининг энг машҳур «қалъа»ларидан бири қулаши рамзий маънога эга. Шаҳар эгаллаб олиниши Украинанинг Донбассдаги мудофаасига ҳозирнинг ўзида таҳдид солмаётган бўлса-да, унинг йўқотилиши келажакда Украина қуролли кучлари учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Вуҳледар штурми ҳақида нималар маълум?

Асосан Шарқий ҳарбий округ тузилмаларидан иборат бўлган Россия қўшини бир неча ойлик оғир жанглар билан Вуҳледарга шимоли-шарқдан яқинлашиб келди: бу ерда РФ қуролли кучлари Константиновка — Вуҳледар йўлини ушлаб туришга ҳаракат қилан украин бригадалари мудофаасини бузиб ўтди.

Кейин эса шаҳар шимолидаги икки муҳим мудофаа тугуни — «Южнодонбасская-1» ва «Южнодонбасская-3» конлари эгалланди.

Сентябр ойида Россия қўшини Вуҳледарга ғарбдан ҳам ҳужум бошлаб, Пречистовка қишлоғини эгаллади. Шу палладан шаҳар деярли тўлиқ қуршов ҳолатида қола бошлади. Шаҳар ичкарисида қолган ҳимоячиларга таъминот етказиб бериш учун биргина йўл қолганди — лекин Богоявленка билан боғловчи бу йўл ҳам россиялик ҳарбийлар танкка қарши ракета комплекслари билан ҳам (улар фақат кўриш масофаси яхши бўлганида самарали) ўққа тутиши мумкин бўлган масофада эди. 

Украина қуролли кучлари қўмондонлиги шундай шароитда ҳам Вуҳледар ҳимоячиларига зудлик билан чекинишга буйруқ бермади: улар шаҳарда яна бир ҳафта ушланиб қолишди. Россия қўшини 20 сентябр куни шарқий томондан штурм бошлади, 30 сентябр куни эса шаҳарнинг ғарбий чеккасига ҳам киришди. Катта эҳтимол билан бу вақтга келиб украиналик ҳимоячилар Вуҳледарни тарк этишга улгурганди — ҳар ҳолда Россиядаги манбалар 30 сентябр ва 1 октябр кунлари шаҳар эгаллангани тўғрисида эълон қилган видеоларда шаҳарда кўча жанглари кечгани белгилари ва асир олинган украинлар йўқ эди. Видеоларда россиялик аскарлар шаҳарда эркин ҳаракатланиб, кўп қаватли биноларга ҳамда маъмурий биноларга ўз байроқларини илиб чиқишгани акс этган.

Вуҳледар нимаси билан муҳим эди?

Аввалбошдан шаҳар Донбасснинг жанубий қисми мудофаасидаги логистика марказларини, биринчи навбатда Курахово шаҳрини тўсиб турувчи муҳим қалъа вазифасини ўтаган. РФ қуролли кучлари уни эгаллаш учун илк бор 2022 йил мартида уриниб кўрган, аммо ўшанда, катта эҳтимол билан, бунга кучи етмаганди. Аҳоли ташлаб кетган кўп қаватли биноларга украиналик ҳарбийлар жойлашди ва атрофни миналаштириб, шаҳарни мудофаага тайёрлади.

Вуҳледарни эгалламасдан жанубдан юриш қилишнинг имкони йўқ эди: шаҳар баландликда жойлашган ва кўп қаватли биноларга тўла, бунинг эвазига атроф (амалда яланғоч даштликлар)даги бир неча километрлик ҳудудлар кафтдек кўриниб турарди. Бундан ташқари, шаҳар чеккасидаги конларнинг баланд биноларида Украина қуролли кучлари дрон операторларининг кузатув пунктлари ҳам жойлашганди. Кўп қаватли биноларнинг ертўлалари ҳамда конлар эса пиёдалар учун ишончли бошпана сифатида хизмат қилди.

Россия қўмондонлиги 2022 йилдаёқ «Вуҳледар қалъаси» нафақат Россиянинг юришини тийиб туриши, балки РФ қуролли кучларининг Украина жанубидаги логистикасига ҳам халал беришини англаб етганди. Вуҳледардан шарқдан Донецк — Волноваха — Мариупол темирйўли ўтган бўлиб, кейинги икки шаҳар эгалланганидан кейин йўл тўлиғича Россия қўлига ўтган ва ундан Қрим орқали Украина жанубидаги босиб олинган ҳудудларга юк ташишда муқобил сифатида фойдаланиш мумкин эди. 2022 йил 8 октябрида Қрим кўпригининг темирйўл қисми ракета зарбаларидан жиддий шикастлангач, бу маршрутнинг аҳамияти янада ошди.

Аммо темирйўлни тиклаш, айниқса у орқали ҳаракатни йўлга қўйиш имконсиз эди — Вуҳледар шарқидаги фронт чизиғи йўлдан атиги уч-беш километр масофадан ўтарди. Шунда РФ қуролли кучлари қўмондонлиги шаҳарни эгаллаш учун куч тўплай бошлади.

2022-2023 йиллар қишида Шарқий ҳарбий округ бўлинмалари, жумладан Тинч океани флоти денгиз пиёдаларининг икки бригадасининг кучли штурм Украина қуролли кучлари томонидан қайтарилди. Россия қўшини катта йўқотишларга учради: айниқса миналанган далалар бўйлаб ҳаракатланган, гуруҳнинг қанотларида ҳужум қилиши керак бўлган мотоўқчи бўлинмаларнинг зирҳли техникалари кўпроқ жабрланди. Бу вақтда денгиз пиёдалари дала ҳовлилар орқали пиёда ҳаракатланиб, Вуҳледарнинг жанубий чеккасига етиб келганди. Лекин 155-бригаданинг денгиз пиёдалари қанотларда қўллаб-қувватланмади ва Вуҳледар чеккаларига етиб борган илғор қисмлар таъминотсиз қолиб кетди. Бир неча ҳафта давом этган жанглардан кейин штурмчи гуруҳларнинг қолдиқлари Николске ва Павловка қишлоқларидаги олдинги позицияларига чекинишга мажбур бўлди.

Штурм муваффақиятсизликка учрагач, логистика муаммоси бошқа йўл билан ҳал қилинди — Россия бир йил ичида Ростов областидан Волноваҳага янги темирйўл ўтказди. Бундан ташқари, Авдийивкадан юриш бошлаган Россия қўшини 2024 йил сентябрига келиб Курахово шимолидаги ҳудудларга етиб келди ва энди мазкур логистик марказга турли йўналишлардан ҳужум қилишга тайёргарлик кўрилмоқда — аммо ҳозирча жанубдан, Вуҳледардан эмас.

Шу тариқа, Вуҳледарнинг қалъа сифатидаги аҳамияти 2022 ва 2023 йиллардагига қараганда пасайганди. Аммо бу Россия қўшини кейинги амалиётларида бу шаҳар эгалланганидан фойдаланмайди дегани эмас.

Вуҳледар эгалланиши Украинага қандай таҳдид солади?

Вуҳледарни ва унинг шимолидаги ҳудудларни ҳимоя қилган қўшинлар (72-механизациялашган бригада ҳамда 79-десант-штурм бригадаси) шаҳар шимолидаги позицияларга чекинди (Богоявленкадан РФ қуролли кучлари назоратига ўтган Константиновка чеккаларигача). Бу ерда улар яна ўз севимли тактикасини қўллаши — бир неча километрга чўзилган далаларни босиб ўтишга ҳаракат қиладиган Россия қўшинини ўққа тутиши мумкин. Мудофаа барқарорлиги мағлубиятга учраган, умидсиз позицияларини охиригача тарк этишни истамаган ва РФ қуролли кучлари зарбалари остида Вуҳледар, қўшни қишлоқлар ва конлардан чекинишга мажбур бўлган украин қўшини ҳолатига боғлиқ.

Аммо шаҳардан ғарбда янада оғирроқ вазият юзага келган, Россия қўшини томонидан эгалланган Пречистовка атрофидаги мудофаани Украина қуролли кучларининг анча кучсиз қисмлари ушлаб турибди. РФ қуролли кучлари уларнинг позициялари орқали бошқа «қалъа» — Велика Новосилкага юриш бошлаши мумкин. Россия қўшини аллақачон унга жанубдан ҳужум қилмоқда, тез орада шарқдан ҳам босимни кучайтириши мумкин. Велика Новосилка эса — Донецк ва Запоржжя областлари туташган нуқтадаги муҳим истеҳком бўлиб, унинг бой берилиши Украина қуролли кучларининг Запорижжя областидаги ҳолатини кескин ёмонлаштириши мумкин.

Мавзуга оид