Жанубий Корея президенти рафиқасидан порахўрлик айблови олиб ташланди
Айблов Ким Кон Хининг совғалар, жумладан, 2,2 минг долларлик Dior сумкаси олгани билан боғлиқ эди.
Сеул марказий округи прокуратураси текширувдан сўнг Жанубий Корея президентининг рафиқаси Ким Кон Хига нисбатан порахўрликка қарши қонунни бузганлик айбловини бекор қилди. Айблов Ким Кон Хининг совғалар, жумладан, 2,2 минг долларлик Dior сумкаси олгани билан боғлиқ жанжалдан кейин эълон қилинган эди. Бу ҳақда The Korea Times хабар берди.
Можаро ўтган йил охирида бошланди. Миллати корейс бўлган америкалик пастор Чой Чже президент рафиқасининг ҳалоллигини синаб кўришга қарор қилди. У сумка харид қилиш, чек олиш ва совғани тақдим этиш жараёнини видеотасвирга туширди. Биринчи хоним ҳайрон бўлиб, бундай қиммат нарсаларни беришнинг ҳожати йўқлигини айтди, лекин сумкани олишдан бош тортмади. Видео президент Юн Сеок-Ёл учун катта зарба бўлди, унинг норозилик рейтинги 58 фоиздан 63 фоизга кўтарилди. Оқибатда апрел ойида унинг «Халқ кучи» партияси парламент сайловларида мағлуб бўлди.
Сеул марказий округи прокуратураси 10 ойлик терговдан сўнг, айбловларни олиб ташлади ва пастордан совға олиш Ким хонимнинг расмий вазифаларига алоқадор эмаслигини ва пастор совға эвазига ҳеч нарса ундириб олмаганини қайд қилди. Прокуратуранинг таъкидлашича, порахўрликка қарши қонунда давлат амалдорларининг турмуш ўртоғини жазолашни назарда тутувчи бандлар мавжуд эмас.
Айни пайтда, Ким Кон Хига нисбатан бошқа иш тергов қилинмоқда: акциялар нархини манипуляция қилишда иштирок этиши ва апрел ойидаги сайловда номзод кўрсатиш жараёнига аралашгани бўйича. Тергов ишлари прокуратура ва коррупцияга қарши кураш комиссияси томонидан олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
02:35 / 12.11.2024
NBC: Жанубий Корея президенти Трамп билан учрашув олдидан голф машғулотларини қайта бошлади
17:52 / 11.11.2024
LG дунёдаги биринчи чўзилувчан дисплейни намойиш қилди
12:38 / 11.11.2024
Алишер Абдусаломов Жанубий Корея президентига ишонч ёрлиқларини топширди
00:08 / 11.11.2024