Жаҳон | 10:40 / 07.10.2024
3567
4 дақиқада ўқилади

Зеленский тинчликка эришиш ҳақида: Ҳудудлар олди-сотдисида қатнашмаймиз

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг таъкидлашича, ҳудудлар олди-сотдисига йўл қўйиш мумкин эмас. Аввалроқ FT Ғарб ва Киев гўёки НАТОга аъзолик учун ер алмашиш масаласини муҳокама қилаётгани ҳақида мақола чоп этган эди.

Фото: AP

Украина президенти Володимир Зеленский «ишончли тинчлик» фақат халқаро ҳуқуқ, суверенитет асосида ва ҳудудлар олди-сотдисига йўл қўймаган ҳолда ўрнатилиши мумкин деб таъкидлади. Бу ҳақда у 5 октябр, шанба куни ватандошларига кечки видеомурожаатида маълум қилди.

«Ғалаба режаси»да кўрсатилган ҳамма нарса бизнинг шерикларимиз учун мутлақо ҳақиқийдир, бу бизнинг мақсадимиздир. Бизнинг вазифамиз — Украинада ишончли тинчлик, узоқ муддатли хавфсизликни таъминлаш, фақат халқаро ҳуқуқ, суверенитет асосида ва ҳудудлар олди-сотдисига йўл қўймаган ҳолда ўрнатилиши мумкин — «тинчлик формуласида» айнан шулар кўзда тутилган», деди у.

Зеленский Украинага «ҳақиқий, адолатли тинчлик, урушдан кафолатланган ҳимоя» кераклигини эслатди. Унинг сўзларига кўра, бу фақат кучли позицияларда ва Украина халқи ҳамда ҳамкорлари чинакам бирлашгандагина мумкин. «Биз айнан шу мақсадда ишлаяпмиз», деди президент.

Шу билан бирга, у «Рамштайн» форматидаги учрашув бўлиб ўтадиган кейинги ҳафта Украина учун «тарихий» бўлиши мумкинлигини таъкидлади. «Ҳозир бизнинг жамоаларимиз — Украина ва Қўшма Штатлар, бошқа ҳамкорларимиз жамоалари «Рамштайн»га мазмунли қарорлар ва умуман, келаси ҳафтадаги учрашувлар ва музокараларни тайёрлаш устида ишламоқда», деди Зеленский.

Столтенберг: Украина уруш тугагунига қадар НАТОга қабул қилиниши мумкин

Россия Федерацияси томонидан бошланган уруш пайтида Украинанинг НАТОга кириши Шимолий Атлантика алянсини тўғридан тўғри иштирокчига айлантирмайди, чунки бу ҳолда хавфсизлик кафолатлари Россия Федерацияси томонидан босиб олинган ҳудудларга тааллуқли бўлмаслиги мумкин. Бу ҳақда Шимолий Атлантика алянсининг собиқ раҳбари Йенс Столтенберг 4 октябр куни чоп этилган Британиянинг Financial Times нашри журналистига берган интервюсида маълум қилди.

НАТО собиқ бош котиби: Германия НАТОга бўлинган ҳолда қўшилган

Столтенбергнинг сўзларига кўра, алянс мамлакатлари орасида Украинанинг НАТОга қабул қилинишига қарши бўлганлар ўз позицияларида бу ҳолатда НАТО Низомининг 5-моддаси қўлланишини таъкидламоқда – у барча иттифоқ давлатларининг унинг аъзоларидан бирига қарши бошланган жанговар ҳаракатларда бевосита иштирок этишини назарда тутади. Бироқ, «бу муаммони ҳал қилишнинг йўллари бор, агар халқаро тан олинган чегара бўлиши шарт бўлмаган чизиқ мавжуд бўлса», деди Столтенберг.

Мисол тариқасида Шимолий Атлантика алянсининг собиқ бош котиби НАТОга қўшилган бошқа мамлакатлар тарихидан ўз ҳудудларини тўлиқ назорат қилмаган ҳолатларни келтирди – улар орасида 1955 йилда иттифоққа қўшилган Германия Федератив Республикаси ҳам бор. «Ғарбий Германия Шарқий Германияни йирик Германиянинг бир қисми деб ҳисобларди. Уларнинг Шарқий Берлинда элчихонаси йўқ эди. Лекин НАТО, албатта, фақат Ғарбий Германияни ҳимоя қилди», деб таъкидлади Столтенберг.

«Таққослаш ҳар доим жуда хавфлидир, чунки ҳеч қандай параллеллик 100 фоиз тўғри эмас, аммо Қўшма Штатлар Японияга хавфсизлик кафолатларини берган, аммо бу Россия томонидан назорат қилинадиган Курил оролларига тааллуқли эмас», деди НАТОнинг собиқ раҳбари. Агар ирода бўлса, ечим топишнинг йўллари бор, дейди у.

Мавзуга оид