Фан-техника | 10:00 / 09.10.2024
1894
7 дақиқада ўқилади

Хавфли операция: Юз кўчириб ўтказиш нима учун оммалашмаган?

Ўтган йигирма йил ичида 50 нафардан кам беморда юз трансплантацияси ўтказилди. Қачон одамларга бундай мураккаб жарроҳлик амалиёти керак, унинг хавф-хатарлари нималардан иборат?

Фото: today.com

2024 йил сентябр ойида JAMA Surgery илмий журналида дунёдаги дастлабки 50 та юз кўчириб ўтказиш амалиётига бағишланган мақола эълон қилинди. Унда муаллифлар операциядан йиллар ўтгач беморлар аҳволи қандай ўзгарганини ва нима сабабдан ҳамма ҳам ўз трансплантатлари ва ҳаётини сақлаб қола олмаганини баён этган.

Юз трансплантацияси турли сабаблар туфайли зарур бўлиши мумкин. Бироқ уларнинг барчаси инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади.

Юз тўқималари қаттиқ шикастланиб, уларни бошқа жарроҳлик усули билан тиклаш имконсиз бўлган ҳолатлардагина юзни кўчириб ўтказиш таклиф этилади. Бундай амалиётсиз юз ўз вазифасини тўлиқ бажара олмайди: бемор кўзлари соғлом бўлса-да, кўра олмайди, бурун орқали нафас ололмайди, овқатланиш ва гапириш имкониятидан мосуво бўлади.

Биринчи юз кўчириб ўтказиш жарроҳлиги 2005 йилда амалга оширилган, ўшандан буён бундай операциялар сони камида 50 тага етган (энг сўнгги 51-чи ҳолат яқинда бажарилгани сабабли юқорида тилга олинган илмий мақолага киритилмаган; бу охирги ҳолатда беморга кўз ҳам кўчириб ўтказилган).

Шифокорлар сабабларни уч гуруҳга ажратади:

  • куйиш — 11 та ҳолат;
  • жароҳат — 29 та ҳолат;
  • ўсма — саккизта ҳолат.

Куйишлар

Беморлардан бири америкалик аёл собиқ эрининг ҳужуми оқибатида кимёвий куйиш жароҳатини олган. Бошқа бир америкалик черковни бўяётганда электр токи уришидан қаттиқ куйган.

Жароҳатлар

Юзи (аниқроғи, унинг бир қисми) кўчириб ўтказилган биринчи беморни ўзининг лабрадор ити тишлаб олган. У дори ичиб ҳушидан кетганида ит уни тирнаб уйғотишга уринган.

Беморлардан биринининг турмуш ўртоғи ўқотар қурол ёрдамида аёлни ўлдирмоқчи бўлган.

2006 йилда юз кўчириб ўтказилган хитойлик эркакка айиқ ҳужум қилган.

Франциялик эркак пиротехника портлаши оқибатида жароҳат олган.

Ўсмалар

Уч нафар беморда (Франция ва Испаниядан) нейрофиброматоз касаллиги аниқланган. Бу ирсий касаллик бўлиб, бутун танага ўсмалар тарқалади. Беморлардаги ўсмалар юзларини жиддий равишда деформациялаган.

Испаниялик яна бир беморда эса саратон касаллигини даволаш натижасида юзнинг пастки қисми қаттиқ шикастланган.

Икки кишининг юзи икки марта кўчириб ўтказилди (ва янада кўпроқ беморлар асоратлар туфайли юз терисини қисман алмаштиришга мажбур бўлди)

Бир ҳолатда, кўчириб ўтказилган аъзо етти йилдан кейин организм томонидан бутунлай рад этилгани маълум бўлди. Янги юз топилгач, жарроҳлар биринчи кўчириб ўтказилган аъзони олиб ташлаб, бошқасини жойлаштирди.

Иккинчи ҳолатдаги вазият анча хунукроқ. Беморга нафас йўллари инфекцияси учун муайян вақтда тайинланган антибиотиклар кўчириб ўтказилган юзнинг рад этилишига тўсқинлик қиладиган даволаниш усулига мос тушмаган. Оқибатда, трансплантациядан олти йил ўтгач, трансплантат юз кўчиб туша бошлади. Кўп ўтмай шифокорлар уни жойида қолдириб бўлмайди, деган хулосага келди, бироқ ўша пайтда мос донор топилмаган эди.

Шу сабабли, трансплантат олиб ташланди ва унинг ўрнига аввалига юпқа матрикс — плёнка жойлаштирилди. Бу плёнка, хусусан, қандли диабет туфайли оёқларда пайдо бўладиган яраларни қоплаш учун ишлатилади. Аммо бу стафилококк инфекциясининг ривожланишига олиб келди. Матриксни олиб ташлашди. Сўнгра жарроҳлар юзни сон терисининг бир қисми билан қоплади. Шу вақт мобайнида бемор стерил боксда сақланди. У кўра олмас, мустақил нафас олмас ва овқатланмас эди.

Биринчи трансплантат тўлиқ олиб ташланганидан бир ярим ой ўтгач, иккинчи донор топилди.

Юз кўчириш операцияси фақат Ғарб мамлакатларида эмас, Хитой ва Россияда ҳам амалга оширилган.

49 бемордан 10 нафари вафот этди. Бундай жарроҳлик ҳанузгача оммалашмаганига бошқа сабаблар ҳам бор

Юз трансплантацияси учун бевосита йўлланма олган одамлар сони 49 тадан анча кўп. Бироқ бундай операцияларни зарур миқдорда ўтказишга тўсқинлик қиладиган кўплаб омиллар мавжуд.

Одамга бирор аъзо кўчириб ўтказилганда, одатда, организм бегона тўқималарни рад этмаслиги учун бемор иммунитетни пасайтирувчи дориларни умрбод қабул қилишга мажбур бўлади. Беморларнинг ўлимига сабаб бўлган касалликлар асосан ушбу иммуносупрессив даволашнинг оқибати бўлган деб тахмин қилинади — етти бемор саратон касалликлари ёки юқумли инфекциялар туфайли вафот этган.

Аммо юз кўчириб ўтказилгандан кейинги муаммолар жисмоний муаммолар билан чекланиб қолмайди. Масалан, ҳалок бўлганлардан бири ўз жонига қасд қилган, иккинчиси эса шунчаки иммуносупрессив терапияни қабул қилишни тўхтатган ва вафот этган.

2024 йилда эълон қилинган халқаро тавсияларда шифокорлар трансплантация ҳақида қарор қабул қилишда инсоннинг психологик ҳолати ва унинг ижтимоий қўллаб-қувватланиши қанчалик яхшилигини ҳисобга олиши кераклиги айтилган. Бу муҳим, чунки кўчирма жарроҳликдан сўнг инсон олдинги ҳаётига қайтмайди: у реабилитациядан ўтиши (масалан, қайтадан гапиришни ўрганиши), бошқаларнинг қизиқувчан нигоҳларига дош бериши ва ўзини ҳамда янги қиёфасини қабул қилишга уриниши керак. Буларни ёлғиз амалга ошириш қийин.

Яна бир яққол муаммо — донорлар етишмаслиги. Ҳозиргина яқинини йўқотган оилалар билан трансплантация масаласини муҳокама қилиш мушкул. Бундан ташқари, юзни танадан ажратгандан сўнг уни тўрт соат ичида етказиб бериш мақсадга мувофиқ, акс ҳолда тўқималар нобуд бўлади. Бу эса донор изланадиган ҳудуд масофасини чеклайди.

Шу ва бошқа сабабларга кўра, юз трансплантациясига муҳтож одамларнинг кўпчилиги операциясиз яшашга мажбур бўлмоқда. Бу осон ҳаёт эмас. Шифокор Кевин Фонг ўзининг “ Экстремаллар. Чегарада” деб номланган мақоласида бир нечта жарроҳлик амалиётини ўтказган жарроҳ Богдан Помаҳач (у JAMA Surgery журналида юқорида айтиб ўтилган мақоланинг ҳаммуаллифи) билан суҳбатлашган.

Жарроҳ беморлардан бири жарроҳлик амалиётидан олдин шифокор билан суҳбатда “унинг ташқи кўринишига нисбатан бошқаларнинг муносабатини ҳис қилиш жуда оғир бўлишини” тан олганини айтиб берди:

У шовқинли қаҳвахонага кириб келиши биланоқ, атрофда сукунат ҳукм суришини, одамлар унинг ҳузурида пичирлаб гаплаша бошлаганини сезади. Буларнинг барчасини у жуда чуқур ҳис қилади ва изтироб чекади. Аммо энг кўп хавотирга соладиган нарса, қизалоғи улғайгач, дўстларининг саволларига жавоб беришга мажбур бўлганда, унинг ҳоли не кечиши ҳақидаги ҳаёллар эди”.

Мавзуга оид