Жаҳон | 09:10 / 15.10.2024
1522
2 дақиқада ўқилади

РФда Франция фуқароси уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Лоран Винате умумий режимли колонияда уч йилга озодликдан маҳрум этилди. Тергов французни «чет эл агенти» сифатида рўйхатдан ўтмасдан ҳарбий маълумотларни йиғишда айблади.

Фото: АР/ТАСС

Москванинг Замоскворецкий район суди Франция фуқароси Лоран Клод Жан-Луи Винатени умумий режимдаги ахлоқ тузатиш колониясида уч йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда 14 октябр, душанба куни «Москва шаҳрининг умумий юрисдикция судлари» Telegram-каналида хабар берилди.

Суд французни «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунчиликка оид мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаганликда айбдор деб топди. Тергов маълумотларига кўра, Винате Россия Федерацияси Адлия вазирлигида «чет эл агенти» сифатида рўйхатдан ўтмасдан ҳарбий маълумотларни тўплаган, деб аниқлик киритди «Медиазона»нашри. Унга кўра, айбланувчи ўз айбига иқрор бўлган, иш далилсиз кўриб чиқилган.

Айблов хулосасида айтилишича, 2021 йил апрел ва 2022 йил август ойларида Винате уч россиялик билан учрашувлар чоғида «қўшинларни сафарбар қилиш ва жанговар тайёргарлиги», шунингдек, Россия Федерациясидаги сиёсий вазият ҳақида маълумот тўплаган.

РФда 72 ёшли америкалик ёлланма фаолият учун салкам 7 йилга қамалди

Москва шаҳар суди 7 октябр куни АҚШ фуқароси Стефан Хаббардни олти йил-у ўн ойга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилди. Мичиганлик 72 ёшли фуқаро Украина Қуролли кучлари сафида ёлланма аскар сифатида жанговар ҳаракатларда қатнашганликда айбдор деб топилди. Суд фақат ҳукмнинг кириш ва қарор қисмларини эълон қилди.

Хаббарднинг жазоси ҳукм қонуний кучга кирган пайтдан бошлаб ҳисобланади. Унгача Стефан Хаббард тергов ҳибсхонасида қолади. Америкаликка чиқарилган ҳукм ичига тергов изоляторида бир сутка ҳибсда бўлган вақти колонияда бир ярим сутка сифатида киритилади.

Стефан Хаббарднинг адвокати аллақачон Москва шаҳар суди ҳукми устидан шикоят қилишини маълум қилган. АҚШнинг Москвадаги элчихонаси вакиллари «Интерфакс»га маҳкум олдига консуллик даражасида кириш ҳақидаги сўровга жавоб кутаётганликларини маълум қилишди.

Мавзуга оид