Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосарлари лавозимидан озод этилди
Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Ботир Алимбеков қишлоқ хўжалигидаги имкониятлардан фойдалана олмаган, тайёр қилиб берилган тизимни ишлата олмаган. Вилоятда камбағалликни қисқартириш борасидаги ишлар ҳам қониқарсиз деб топилиб, вилоят ҳокимининг бошқа бир биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов ҳам лавозимидан озод этилди. Уларнинг иккиси ҳам лавозимга шу йил тайинланган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи доирасида йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда айтилишича, Тошкент вилоятида қишлоқ ерлари Андижондан 1,5 карра кўп. Лекин, етиштириладиган маҳсулот ҳажми бир хил. Вилоятда 1 гектардан ўртача даромад Андижондан 2 карра, Наманган ва Фарғонадан 1,5 баравар, Бухородан 1,3 бараварга кам.
Сўнгги уч йилда вилоятдаги 21 минг гектар ер деҳқончилик учун 51 минг нафар аҳолига берилди. Лекин, йил бошидан бор-йўғи 72 млн долларлик мева-сабзавот экспорт бўлди. Бу – ўтган йилгидан кам.
Вилоятдаги самарасиз 2 200 гектар боғ ва токзор ҳисобига йилига 10 млн доллар экспорт йўқотиляпти. Сув тежовчи технология бўйича Тошкент вилояти энг охирги ўринларда.
Бу борада вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича биринчи ўринбосари Ботир Алимбеков Тошкент вилояти қишлоқ хўжалигидаги имкониятлардан фойдалана олмагани, тайёр қилиб берилган тизимни ишлата олмагани учун лавозимидан озод этилди.
Президент яқинда боғдорчилик бўйича янги тизим жорий қилинганини таъкидлаб, Оҳангарон ва Бўстонлиқда 1 минг гектардан адир ва тоғ олди ерларида малина ва голубика плантациясини, Паркентда 2 минг гектар ва Оҳангаронда 1 минг гектарда узум ва гилос боғларини ташкил қилиш имкониятларини кўрсатиб ўтди. Бу орқали 5 минг аҳолини, айниқса камбағал оилалардан бўлганларни даромадли қилиш мумкин.
Мутасаддиларга бир йилда 2,2 минг гектар боғ ва токзорни янгилаш, Ангренда анор шарбатини ишлаб чиқаришни бошлаш, Оҳангарон туманида олхўрини қайта ишлаш қувватини яратиш топширилди.
Умуман, вилоятни боғдорчилик бўйича намунали ҳудудга айлантириб, экспортни 300 млн долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда вилоятда камбағалликни қисқартириш режалари кўриб чиқилди. Президент вилоятда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида келаси йили 116 минг аҳолини камбағалликдан олиб чиқиш бўйича ҳисоб-китобларни маъқулламади.
“Бор имкониятлар ва яратиб берилаётган шароитлар ҳисобига вилоятда камбағал оила қолишини ўзи уят”, – деди давлатимиз раҳбари.
Масалан, Тошкент вилояти кичик бизнес орқали аҳолини ишли қилиш бўйича республикада энг охирги ўринларда турибди. Вилоят саноатининг атиги 25 фоизи кичик бизнесга тўғри келади. Ёки, оилалар даромадида кичик бизнес улуши 1,5 фоизни ташкил қилади.
Вилоятдаги 12 минг вакант ўриннинг 2 мингтаси ободонлаштириш, гул экиш, кўча супириш каби малака талаб этилмайдиган меҳнатга мансуб. Лекин, иш излаб юрган 2 минг аҳолини бу ишларга жалб қилиш ўрнига, уларга ҳар йили 4 млрд сўм ишсизлик нафақаси тўланмоқда.
Фаолиятидаги камчиликлар ва соҳадаги ишлар қониқарсиз олиб борилаётгани учун вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов лавозимидан озод этилди.
Маълумот учун, Ботир Алимбеков лавозимга шу йил январида, Эркин Муҳиддинов эса май ойида тайинланган эди. Алимбеков бунгача Чиноз тумани ҳокими бўлган, ундан аввал ҳам вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. Эркин Муҳиддинов тайинловдан олдин Оҳангарон тумани ҳокими эди; у муқаддам камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.
Мавзуга оид
21:23 / 21.11.2024
Тошкент вилоятида ҳожатхона учун қазилган чуқурга тушиб кетган фуқаро қутқарилди
15:45 / 21.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
11:37 / 20.11.2024