Ўзбекистон | 12:50 / 17.10.2024
1058
2 дақиқада ўқилади

Корея Жиззахда чиқиндиларни қайта ишлаш заводи қуради

Жанубий Корея корпорацияси Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлаш заводи қуришни режалаштирмоқда. 

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Экология вазирлиги хабарига кўра, 7−11 октябр кунлари экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Искандар Қутбиддинов Сеул шаҳрида бўлиб, бир қанча компаниялар билан чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар ўтказди.

Шунингдек, чиқиндиларни ёқиш орқали “яшил” энергия оладиган корхоналар фаолияти билан яқиндан танишди. Корея Экспорт-импорт банки вакиллари билан музокаралар олиб борди.

Бундан ташқари, Искандар Қутбиддинов Корея Атроф-муҳит вазирлиги ҳузуридаги Корея атроф-муҳит корпорацияси (К-ecо) раиси Б.Ан билан учрашди. Учрашув давомида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва экологик хавфсизлик борасида тажриба алмашиш бўйича келишувга эришилди.

Якунда Жиззах вилоятида барқарор чиқиндиларни қайта ишлаш заводини қуриш бўйича умумий қиймати 6,2 миллион долларга тенг бўлган 4 йиллик грант лойиҳа битим имзоланди.

Лойиҳа доирасида полигонни рекултивация қилиш, 300 минг куб метр чиқиндини бир жойга тўплаш, тупроқ билан қоплаш ҳамда чиқиндихона газини йиғиш ва пиролиз усули орқали ёқиш, электр энергия ишлаб чиқариш ускуналарини (электрогенератор) ўрнатиш белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид