Жаҳон | 21:37 / 18.10.2024
5915
2 дақиқада ўқилади

Путин ХЖС ордеридан қўрқмаслигини, аммо Бразилияга бормаслигини айтди

Россия раҳбари сўзларига кўра, ХЖС қарорини четлаб ўтиш жуда осон - бунинг учун Россия ва Бразилия ўртасида икки томонлама шартнома имзолаш кифоя.

Фото: AP/TASS

Халқаро жиноий суд (ХЖС) универсал аҳамиятга эга эмас, чунки на Россия, на АҚШ, на Хитой уни тан олмайди. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин маълум қилди, деб хабар берди ТАСС.

Хусусан, унинг сўзларига кўра, ХЖС қарорини четлаб ўтиш жуда осон - бунинг учун Россия ва Бразилия ўртасида икки томонлама шартнома имзолаш кифоя, кейин эса «ХЖС ордери бўйича ҳеч қандай муаммо бўлмайди».

Шу билан бирга, Путин «саммитни бузмаслик учун» бу йил Бразилияда бўлиб ўтадиган G20 саммитига бормаслигини айтди. Бундан ташқари, унинг фикрича, G20 «агар сиёсийлаштирилмаган бўлса, фойдали форум».

Путин айтганидек, Россия расмийлари G20 саммитида ўз манфаатларини ким юқори даражада ҳимоя қилишини аниқлаб олади.

2023 йил март ойида ХЖС Владимир Путинни Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилганликда гумонлаб, ҳибсга олишга ордер берган эди. Бразилия ХЖС юрисдикциясини тан олган ва бу қарорни бажаришга масъул.

2024 йил сентябр ойида Путин Мўғулистонга борди, бироқ бу мамлакат Халқаро жиноий суд юрисдикциясини қабул қилган бўлса-да, Россия раҳбарини ҳибсга олмади. Bloomberg маълумотларига кўра, Мўғулистон Путинга ташрифи чоғида ХЖС ордери асосида ҳибсга олинмаслиги ҳақида кафолат берган.

Кейинроқ Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд прокурори Карим Хон Мўғулистон нима учун Путинни ҳибсга олмаганини тушунтириши кераклигини айтди.

Мавзуга оид