Жаҳон | 08:30 / 21.10.2024
3114
3 дақиқада ўқилади

Молдованинг евроинтеграцияси бўйича референдумда - минимал фарқ

Референдумнинг дастлабки натижаларига кўра, Молдовада сайловчиларнинг 50 фоиздан сал ортиғи Европа Иттифоқига қўшилиш сиёсатига қарши овоз берган. Натижалар ҳали ҳам ўзгариши мумкин, деб таъкидлайди AFP.

Фото: newsmaker.md

Молдовада 20 октябр, якшанба куни сайловчиларнинг ярмидан кўпи, дастлабки маълумотларга кўра, мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш интилишлари бўйича референдумда Европа интеграциясига қарши овоз берган. Молдова фуқароларидан «Сиз Молдова Республикасининг Европа Иттифоқига қўшилиши учун Конституцияга ўзгартириш киритишни қўллаб-қувватлайсизми?» деган саволга «ҳа» ёки «йўқ» деб жавоб беришлари сўралган.

Икки лагер орасидаги фарқ минимал. Молдова Марказий сайлов комиссияси томонидан 97,4 фоиз овоз санаб бўлингандан кейин эълон қилинган дастлабки овоз бериш натижаларига кўра, сайловчиларнинг 50,1 фоизи Молдованинг Европа Иттифоқига қўшилиш йўналишини қўллаб-қувватламаган, 49,9 фоиз фуқаролар ёқлаган.

Кишинёвда ва хорижда овозлар ҳисобланар экан, Европа интеграцияси мухолифларининг дастлабки устунлиги сезиларли даражада камайди.

«Молдова мамлакатимиз эркинлиги ва демократиясига мисли кўрилмаган ҳужумга дуч келмоқда», деди европапараст президент Майя Санду Кишинёвда журналистларга референдумнинг дастлабки натижаларини шарҳлар экан. У аралашувда «миллий манфаатларимизга душман бўлган хорижий кучлар билан ишлаётган жиноий гуруҳлар»ни айблади ва уларнинг мақсади «демократик жараёнга путур етказиш» эканини қўшимча қилди.

Молдова президенти: Мамлакат тақдирини молдованлар ҳал қилиши керак

Молдова президенти Майя Санду фуқароларни 20 октябр куни мамлакатда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари ва ЕИга аъзо бўлиш бўйича референдумда овоз беришда фаол иштирок этишга чақирганди.

Тегишли видеода президент «мамлакат тақдирини молдованлар ҳал қилиши кераклигини» таъкидлаган, деб хабар беради МОЛДПРEС.

«Биз чорраҳада турибмиз ва бизнинг бурчимиз демократияни ҳимоя қилиш, Молдова ва болаларимиз тақдирини ҳал қилишдир, чунки референдумнинг иккинчи босқичи бўлмайди», деди Санду.

Президентнинг фикрича, бу Молдова учун бурилиш нуқтаси. «Ёки биз кучсиз ва ёлғиз давлат бўлиб қоламиз, ёки Молдова кучли, хавфсиз ва кўп дўстлари бор давлатга айланади», деди президент.

Сиёсатчи «ўғрилар гуруҳлари ёлғон ва ифлос пуллар билан Молдова келажагини тўсиб қўймоқчи эканлигига эътибор қаратди. «Овозларни сотиб олиш учун миллионлаб евролар, ҳар куни минглаб ёлғон, лекин молдованлар доно ва бошқаларнинг бизга қандай яшашни ўргатишини қабул қилмайди. Биз келажагимизни сотаётганимиз йўқ, биз ғалаба қозонишимиз керак, ифлос пуллар эмас, халқ иродаси ғалаба қозонсин», — дея Санду Молдованинг ғалаба қозониши учун овоз беришга чақирди.

Ҳар бир саъй-ҳаракат, ҳар бир овоз ҳал қилувчи бўлиши мумкин, деди Санду. «Агар сиз Молдованинг келгуси ўн йилликлардаги келажаги ҳақида қайғурсангиз, келинг, овоз беринг, икки бюллетенни олинг ва Молдовага овоз беринг. Мамлакат тақдири ўз қўлимизда», — деди Санду.

Мавзуга оид