Ўзбекистон | 17:58 / 21.10.2024
3072
6 дақиқада ўқилади

“Тил – ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан масала” — Шавкат Мирзиёев

Президент ўзбекистонликларни ўзбек тили байрами билан табриклаб, “Давлат тили тўғрисида”ги қонунни ҳаётга татбиқ қилишда юксак маданият ва ўзаро бир-бирини англаш туйғусини намоён қилишга чақирди. “Ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан бўлган тил масаласида ортиқча эҳтирос ва ҳиссиётларга берилмасдан, узоқни ўйлаб, вазминлик билан иш тутиш кераклигини ҳаммамиз яхши англаймиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбек тили байрами ва ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 35 йиллиги билан Ўзбекистон халқини табриклади.

“Маълумки, миллий тил ҳар бир маданий халқнинг тарихи ва ўзлигини, руҳий-маънавий дунёсини ўзида акс эттирадиган тенгсиз бойликдир. Қадимий тарихимизнинг энг оғир ва синовли даврларида ҳам бизни ягона халқ сифатида бирлаштириб, азалий қадриятларимизни асрлар оша безавол сақлаб келаётган она тилимизни ҳар қанча ардоқласак, улуғласак арзийди”, – деган давлат раҳбари.

Президент ўз табригида кўплаб идоравий ҳужжатлар давлат тилига ўтказилгани, 100 мингдан ортиқ географик объектнинг номи давлат реестрига киритилгани, ҳудудлардаги 150 мингдан зиёд ташқи ёзувлар давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштирилганини қайд этган.

“Янги пайдо бўлаётган замонавий тушунчаларга ном бериш, сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритишни тизимли йўлга қўйиш учун Атамалар комиссиясининг фаолияти тубдан такомиллаштирилди, бу борада аниқ илмий мезонлар ишлаб чиқилди.

Ўтган йилдан эътиборан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тизими яратилгани тегишли ҳужжатларнинг давлат тили талабларига мос ва услубий жиҳатдан пухта тайёрланишига хизмат қилмоқда.

Раҳбарлик лавозимларига номзодларнинг ўзбек тили бўйича билим даражасини аниқлаш мақсадида миллий тест тизими жорий этилиб, қисқа вақт ичида 3 мингдан зиёд талабгорнинг қарийб 1 минг 500 нафарига давлат тилини билиш бўйича сертификатлар берилди.

Давлат тили асосларини чуқур ва атрофлича ўрганишни таъминлаш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан 58 номдаги қомус, луғат ва қўлланмалар кўп минг нусхаларда чоп этилди.

Айниқса, кейинги йилларда ўзбек тилини рақамлаштириш борасида жиддий натижаларга эришилмоқда. Ўзбекча матнларни сунъий интеллект ёрдамида қайта ишлаш ва ўзбек тилида мулоқот қилишга мўлжалланган “ақлли” дастур ишлаб чиқилиб, “Ўзбек тили изоҳли луғати”нинг веб-сайти яратилди.

Айни пайтда ўзбек тилидаги матнларни таҳрир қилиш, уларни лотин ва кирилл ёзувига ўгириш ва сўзларнинг луғавий маъносини кўрсатишга мўлжалланган электрон дастурлар ҳам амалиётда фаол қўлланмоқда.

2025 йил 1 январдан бошлаб умумтаълим мактабларида миллий сертификатга эга бўлган ўзбек тили ўқитувчиларига маошининг 50 фоизи миқдорида ойлик устама ҳақ тўланиши она тилимиз фидойиларининг шарафли меҳнатини рағбатлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз”, – деган Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис этилгани, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ватанпарвар ёшларнинг салоҳияти ёрдамида “Википедия” халқаро интернет энциклопедиясидаги ўзбекча маълумотлар ҳажми кескин кўпайиб, бу борада Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида етакчи мамлакатга айланганини эътироф этган.

Таъкидланишича, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида турли ташкилот ва идораларда меҳнат қилаётган 33 мингдан ортиқ ходим ўқитилган. Ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган ватандошлар учун ушбу марказ ва унинг ҳудудий бўлимларида бепул ўқув курслари йўлга қўйилган.

“Шу ўринда бағрикенг диёримизда аҳил-иноқ яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакилларининг тили, анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш бўйича ҳам муҳим ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Жумладан, республикамиз мактабларида таълим-тарбия жараёни 7 та тилда йўлга қўйилган бўлиб, 160 га яқин миллий маданий марказ ҳамда қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларидаги оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатмоқда.

Марказий телерадиоканаллар орқали ўзбек тилини ўрганишга бағишланган кўрсатув ва эшиттиришларнинг мунтазам бериб борилаётгани юртимизда яшаётган бошқа миллат вакилларининг давлат тилини ўзлаштиришига катта ҳисса қўшмоқда”, – деган президент ўз табригида.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, давлат тили бутун жамиятни, тили ва миллатидан қатъи назар, барча фуқароларни ягона халқ сифатида бирлаштиришга хизмат қилиши зарур.

“Бу борада ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан бўлган тил масаласида ортиқча эҳтирос ва ҳиссиётларга берилмасдан, узоқни ўйлаб, вазминлик билан иш тутиш кераклигини ҳаммамиз яхши англаймиз.

Зеро, давлат тили фақатгина соҳа мутахассисларининг эмас, балки кўпмиллатли бутун халқимизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари, ақл-заковати, маънавий-маърифий салоҳияти, ватанпарварлик фазилатлари билан равнақ топади.

Мамлакатимизда қонунга ҳурмат ва итоат муҳитини таъминлаш, жумладан, “Давлат тили тўғрисида”ги қонунни ҳаётимизга изчил татбиқ қилишда барчамиз юксак маданият ва ўзаро бир-бирини англаш туйғусини намоён этишимиз лозим”, – деган давлат раҳбари.

Президентга кўра, ўзбек тилини ахборот технологиялари соҳасидаги йирик дастурлар тили қаторига киритиш чораларини кўриш давлатнинг долзарб вазифаси бўлиб қолади.

“Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, ишларингизда янги ютуқлар, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман.

Ўзбек тилимизнинг бойлиги, куч-қудрати янада зиёда бўлсин!” – дея ўз табригини якунлаган Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид