Байрутдаги шифохонага зарба берилди, Блинкен яна Яқин Шарқда
Байден маъмурияти сайловлар арафасида можарога барҳам бериш учун сўнгги бор уриниб кўради.
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги Байрут жанубида мамлакатнинг энг йирик шифохонасига Исроил томонидан йўлланган авиазарба оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлиб, 50 дан ортиқ киши яралангани, уларнинг аксари — болалар эканини маълум қилди. Ливандаги мухбирлар хабар беришича, шифохона биноси жиддий шикастланган, атрофдаги бинолар ҳам вайрон бўлган.
Исроиллик ҳарбийлар уларнинг нишони «Ҳизбуллоҳ»нинг шу атрофдаги позицияси бўлганини айтишган, аммо бу ҳудуд гуруҳнинг доимий таянч ҳудуди эмасди.
Душанба куни «Ҳизбуллоҳ» Исроил ҳудудини ракеталар билан ўққа тутишда давом этди, уларнинг катта қисми тутиб қолинган, қолганлари очиқ жойларга қулаган ва ҳеч кимга зарар етказмаган.
Сешанба куни гуруҳ ҳарбий ҳаракатлар давом этаркан, Исроил билан музокара ўтказмаслигини, Исроил асир олган жангчилари ҳаёти ва саломатлиги учун жавобгарлигини билдирди.
«Ҳизбуллоҳ Исроил бош вазири Нетаняҳунинг уйига қилинган ҳужум учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олади», — деди Байрут жанубидаги матбуот анжуманида «Ҳизбуллоҳ» расмий вакили Муҳаммад Афиф.
Исроил шанба куни Нетаняҳунинг уйига дрон учирилганини хабар қилганди. Бу вақтда бош вазир уйда бўлмаган.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен сешанба куни Исроилга келиб қўнди. Бу ушбу америкалик дипломатнинг Исроил ва Ҳамас ўртасидаги уруш бошланганидан буён минтақага 11-бор ташриф буюришидир, Америка томони ўтган ҳафтада Ҳамас етакчиси Яҳё Синвар ўлдирилганидан кейин Яқин Шарқда ўт очишни тўхтатишга эришишга ҳаракат қилмоқда.
Афтидан, бу натижаси АҚШнинг минтақадаги сиёсатини ўзгартириши мумкин бўлган президентлик сайловлари олдидан демократлар маъмуриятининг можарони ҳал қилиш жараёнида муваффақиятга эришиш учун сўнгги уриниши бўлади.
Вашингтон Ҳамаснинг 7 октябр кунги ҳужуми ташкилотчиси ҳисобланган Яҳё Синвар ўлдирилиши тинчлик ўрнатиш учун янги имкониятлар эшигини очишига умид қилмоқда.
Аммо дипломатлар ва бошқа манбалар сайловда ким ғалаба қозонишидан қатъи назар, Исроил Американинг янги маъмурияти ҳокимиятга келгунича ўз позицияларини мустаҳкамлаш учун ҳарбий кампаниясини тезлаштирмоқда.
Ғазода ҳам, Ливан жанубида ҳам Исроил ҳарбий амалиёти якунланишидан дарак йўқ.
Блинкен сафари бошида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, мудофаа вазири Йоав Галлант ва бошқа расмий шахслар билан учрашиши кўзда тутилган, шундан кейин у Иордания ва Қатарда ҳам бўлади.
Давлат департаментидаги юқори мартабали мулозимларга кўра, Блинкен урушдан кейин Ғазода нима бўлиши, жумладан, хавфсизлик, бошқарув ва қайта қуриш масалаларини кўтармоқчи.
Вашингтондагилар анчадан буён Ғазо Фаластин мухторияти бошқаруви остида Ғарбий соҳил билан бирлашишини кўришни хоҳлайди, айни вақтда бу мухторият Исроил томонидан оккупация қилинган Ғарбий соҳилда чекланган ҳокимиятга эга.
Давлат департаментининг анонимлик асосида Reuters билан гаплашган вакилининг айтишича, Блинкен Исроилнинг Эроннинг 1 октябр кунги ракета ҳужумига кутилаётган жавобини ҳам муҳоккама қилади.
Иттифоқчилар Исроилнинг жавоб чоралари нефт бозорлари фаолиятини издан чиқариши мумкинлиги ва азалий душманлар ўртасида кенг кўламли уруш бошланиб кетишидан хавотирланмоқда.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Кувайтдаги матбуот анжуманида Теҳрон урушга интилмаслиги ва кескинликни пасайтириш учун ҳаракат қилаётгани, аммо ҳар қандай можарога тайёрлигини таъкидлади.
Блинкен билан параллел равишда АҚШ махсус вакили Амос Хохштейн Ливанда бўлиб турибди ва Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги можарога барҳам бериш имкониятларини ўрганмоқда.
Душанба куни Хохштейн Байрутда эҳтимолий сулҳ юзасидан ливанлик мулозимлар билан музокаралар ўтказди. Исроил «Ҳизбуллоҳ» билан 2006 йилда рўй берган охирги йирик урушдан кейинги келишилган шартлардан кўра қаттиқроқ шартларни ўртага қўймоқда. Ўшанда можаро БМТнинг қуролли гуруҳлар, жумладан «Ҳизбуллоҳ» чегара ҳудудларда ҳаракатланишини тақиқловчи резолюцияси қабул қилиниши билан тўхтатилганди.
Хохштайннинг сўзларига кўра, «Ҳизбуллоҳ» ҳам, Исроил ҳам резолюция талабларини етарли даражада бажармаган ва икки томон ҳам уни бажариш мажбуриятини олиши етарли бўлмайди. АҚШ барқарор сулҳни таъминлаш учун яна нима қилиш кераклигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.
Мавзуга оид
20:12 / 17.11.2024
Исроил зарбаси оқибатида «Ҳизбуллоҳ» матбуот котиби ҳалок бўлди
16:08 / 14.11.2024
Блинкен: АҚШ Трамп келишидан олдин Украинага ёрдамни кучайтиради
12:00 / 11.11.2024
Исроилнинг янги мудофаа вазири: «Ҳизбуллоҳ» мағлуб этиб бўлинди
20:27 / 03.11.2024