Жаҳон | 13:53 / 22.10.2024
1896
2 дақиқада ўқилади

Мета бепул овқатланиш купонларига маиший буюмлар харид қилган ходимларни ишдан бўшатди

​​​​​​​Facebook ва Instagram’га эгалик қилувчи Meta компанияси Лос-Анжелесдаги йигирмага яқин ходимни ишдан бўшатди. Улар кунлик 25 долларлик овқатланиш купонларига вино учун қадаҳлар, ҳуснбузарга қарши пахтали дисклар ва кир ювиш кукуни сингари хўжалик молларини сотиб олган.

Фото: AP

Financial Times’нинг вазиятдан хабардор манбасига кўра, ишдан бўшатилган ходимлар узоқ вақт давомида бепул овқатланиш тизимини суиистеъмол қилгани аниқланди. Ишдан бўшатишлар компания раҳбари Марк Цукербергнинг иш ўринларини кенг кўламли қисқартириш чораларининг бир қисми бўлди.

Ишдан бўшатилганлар орасида йилига 400 минг доллар маош оладиган ходим ҳам бор. У ўзининг озиқ-овқат талонларини маиший буюмлар, тиш пастаси ҳамда чой каби маҳсулотларни харид қилиш учун ишлатганини айтди.

Баъзи ҳолларда ходимлар бу имтиёздан нотўғри фойдаланиб, овқатни офисга эмас, уйга буюртирган. Ҳисоботда айтилишича, айрим вақтларда қоидани бузган ходимлар ҳайфсан олди ва ўз иш жойларини сақлаб қолишга муваффақ бўлди.

Шу билан бирга, Meta’нинг бошқа бир ходими ОАВ билан суҳбатда ишдан бўшатилган ходимларга “аввал огоҳлантириш берилгани, уларнинг кўпчилиги купонлардан нотўғри фойдаланишни тўхтатгани, лекин барибир 3 ой ўтиб ишдан бўшатилгани” ҳақида маълумот берди.

Бугунги кунда бепул овқатланиш йирик технология компанияларида ишлашнинг афзалликларидан бирига айланган. Мета одатда ўзининг катта офисларидаги ошхоналарда ходимларни бепул овқат билан таъминлайди. Кичик офислардаги ходимларга эса етказиб бериш хизматлари орқали овқат буюртма қилиш учун кунлик талонлар берилади.

Мета ишдан бўшатишлар ҳақидаги вазиятга аниқ изоҳ бермади.

“Бугунги кунда Meta’даги бир нечта жамоалар ресурсларни ўзларининг узоқ муддатли стратегик мақсадларига мувофиқлаштириш учун ўзгартиришлар киритмоқда. Бу айрим жамоаларни бошқа жойларга кўчириш ва айрим ходимларни бошқа лавозимларга ўтказишни ўз ичига олади. Лавозим тугатилган ҳолатларда, ходимлар учун бошқа имкониятларни излаш устида астойдил меҳнат қиляпмиз”, — дейилади баёнотда.

Мета 2022-2023 йилларда 21 минг кишини ишдан бўшатган. Ҳозирда компанияда 70,7 мингга яқин ишчи фаолият юритади.

Мавзуга оид