Жаҳон | 09:10 / 22.10.2024
6129
2 дақиқада ўқилади

ЦАҲАЛ: «Ҳизбуллоҳ» пулларини Ливандаги шифохона остида яширган

Исроил мудофаа кучлари вакилига кўра, «Ҳизбуллоҳ» Байрут жанубидаги «Саҳел» клиникаси остидаги бункерда юзлаб миллион долларларни яширган. Касалхона директори бу айбловларни рад этди.

Фото: Hassan Ammar/AP Photo/picture alliance

Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Байрутдаги касалхона остидаги бункерга юзлаб миллион доллар нақд пул ва олтин яширган. Бу ҳақда 21 октябр, душанба куни Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) матбуот котиби Даниэл Ҳагарийга таяниб, Reuters ва dpa хабар берди.

У Ливан ҳукумати ва халқаро ташкилотларни «Ҳизбуллоҳ»нинг бу бойликлардан Исроилга қарши террор ва ҳужумлар учун фойдаланишига йўл қўймасликка чақирди.

Ҳагарийнинг сўзларига кўра, гап Байрут жанубидаги «Саҳел» клиникаси ҳақида кетмоқда. Шу билан бирга ЦАҲАЛ вакилининг айтишича, Исроил шифохонага ҳужум қилиш ниятида эмас.

«Мен таъкидламоқчиманки, биз Ливан халқи билан уруш ҳолатида эмасмиз», деди у.

Ливан телевидениеси шифохона эвакуация қилингани ҳақида хабар берди

Ливан телевидениесининг хабар беришича, эҳтиёт чораси сифатида ходимлар ва беморлар шифохонадан эвакуация қилинмоқда.

Ўз навбатида, клиника директори Фади Аламе Исроилни туҳматда айблаб, Ливан армиясини касалхонага киришга ҳамда у ерда фақат беморлар жойлашган операция хоналари ва ўликхона жойлашганини тасдиқлашга чақирди.

Reuters Ҳагарийнинг Исроил разведкаси бир неча йил давомида тегишли маълумотларни йиғиб келгани ҳақидаги даъволарини мустақил равишда тасдиқлай олмади.

ЦАҲАЛ «Ҳизбуллоҳ» разведка марказига ҳужум қилди

Исроил мудофаа кучлари Ливан пойтахти Байрут чеккасида «Ҳизбуллоҳ» ташкилотининг разведка маркази ва ерости қурол заводига ҳужум уюштирилганини эълон қилди. Ҳарбийлар тегишли хабарни 20 октябр куни тарқатди.

ЦАҲАЛ баёнотида айтилишича, зарбадан олдин «тинч аҳолига зарар етказиш хавфини камайтириш учун кўплаб чоралар кўрилган, жумладан, ҳудуд аҳолиси олдиндан огоҳлантирилган».

Мавзуга оид