Жаҳон | 09:20 / 23.10.2024
2424
2 дақиқада ўқилади

Моди Ҳиндистоннинг Украина бўйича музокараларда воситачилигини таклиф қилди

«Биз тинчлик ва барқарорликнинг тезроқ тикланишини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз», деди Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Қозонда Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда.

Фото: Alexander Zemlianichenko/Pool via REUTERS

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди яна бир бор унинг мамлакати Украинадаги урушни тугатиш бўйича Москва ва Киев ўртасидаги музокараларда воситачи бўлишга тайёрлигини билдирди. «Биз тинчлик ва барқарорликнинг тезроқ тикланишини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз», деди у 22 октябр, сешанба куни Қозондаги БРИКС саммити доирасида Россия президенти Владимир Путин билан учрашув чоғида.

Моди «муаммолар тинч йўл билан ҳал қилиниши керак»лигини таъкидлади. Ҳиндистон ҳукумати раҳбарининг таъкидлашича, Ҳиндистон учун гуманитар жиҳат муҳим рол ўйнаганлиги сабабли, у барча томонлар билан алоқани давом эттиради ва келажакда урушни тугатиш учун «ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга» тайёр. Моди Владимир Путин билан кейинги мулоқоти чоғида Украина бўйича тинчлик музокаралари мавзусини чуқурлаштириш ниятида эканини қўшимча қилди.

Кузатувчилар таъкидлашича, БРИКС саммитининг Қозонда ўтказилиши Россия раҳбарияти учун Россиянинг Украинага бостириб кириши давом этаётганига ва бу борада Ғарб томонидан киритилган санкцияларга қарамай, халқаро сиёсий майдонда яккаланиб қолмаганлигининг белгиси сифатида муҳим аҳамиятга эга.

«Украинадаги можаро бошланганидан бери Ню-Деҳли дипломатик тор ипдан юришга ҳаракат қилиб, Киевга гуманитар ёрдам кўрсатмоқда ва шу билан бирга Россия ҳужумини тўғридан тўғри қоралашдан қочяпти», — дея таъкидлайди AFP.

Нарендра Моди шу йилнинг июл ойида Москвага, август ойида эса Киевга ташриф буюрган эди. Ушбу сафарлар давомида у уришаётган томонлар ўртасидаги музокараларда воситачи ролини ҳам таклиф қилди.

Мавзуга оид