Шавкат Мирзиёев Қозонда Моди ва Эрдўған билан учрашувлар ўтказди
Ҳиндистон бош вазири билан стратегик шерикликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди, Туркия президенти билан икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Қозон шаҳрига келди.
Аэропортда давлат раҳбарини Татаристон Республикаси раиси Рустам Минниханов, Қозон шаҳри мэри Илсур Метшин ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Бугун Ўзбекистон президенти қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиши ҳамда БРИКС саммитининг протокол тадбирларида иштирок этиши кўзда тутилган.
Шавкат Мирзиёев дастлаб Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Юқори технологиялар, сунъий интеллект, саноат, энергетика, фармацевтика, транспорт коммуникациялари бўйича дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес форумини ўтказиш, шунингдек, саноат кооперацияси бўйича ўрта муддатли дастур қабул қилишга келишиб олинди.
Мамлакатларимизда Маданият ва кино кунларини, тиббиёт ва спорт соҳаларида ҳамда ёшлар иштирокида, шу жумладан ёшларнинг парламент ташкилотлари доирасида қўшма тадбирлар ўтказиш таклифи билдирилди.
Етакчилар бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини ҳам муҳокама қилдилар.
Шунингдек, Қозон шаҳрига ташрифнинг биринчи кунида Ўзбекистон президенти Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан ҳам учрашув ўтказди.
Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш бўйича долзарб масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Икки давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий ва гуманитар соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.
Президентлар фаол мулоқотлар ва самарали алмашинувларни давом эттириш зарурлигини қайд этдилар.
Геология ва минерал ресурсларни қазиб чиқариш, электротехника, машинасозлик, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қўшма маданий-гуманитар тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш зарурлиги таъкидланди.
Етакчилар халқаро ва минтақавий кун тартибининг муҳим жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Эртага «БРИКС плюс» форматидаги саммитнинг асосий йиғилиши бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
15:52 / 13.11.2024
Ўзбекистонда Глобал экологик фонд донорлари йиғилиши ўтказилиши мумкин
15:29 / 13.11.2024
Ўзбекистон президенти Чехия бош вазири билан учрашув ўтказди
14:37 / 13.11.2024
Шавкат Мирзиёев Бокуда Илҳом Алиев билан учрашди
13:50 / 13.11.2024