Ўзбекистон | 21:16 / 24.10.2024
4192
8 дақиқада ўқилади

24 октябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар

Шавкат Мирзиёевнинг БРИКС саммитидаги нутқи, Тошкент ҳавосини ифлослантираётган заводлар устидан текширувлар, қонун устуворлиги рейтингида Ўзбекистон ўрнининг пасайиши — кун давомида Kun.uz'да ёритилган маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Президент БРИКС саммитида

Президент Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳрида бўлиб ўтган “БРИКС плюс” форматидаги саммитда иштирок этиб, нутқ сўзлади. Давлат раҳбари ўз сўзида Яқин Шарқдаги хунрезликларга тўхталиб ўтди.

“Биз Ғазо ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани қалбимиздаги оғриқ ҳисси билан қабул қиляпмиз. Тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди”, деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти ўт очишни зудлик билан тўхтатиш, жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатишга чақириб, Исроил–Фаластин муаммосининг ягона ечими – “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида можарони тинч йўл билан ҳал қилиш эканини айтди.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, БРИКС бирлашмаси тенг ҳуқуқлилик, блоклардан холилик, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш ва суверенитетга ҳурмат тамойилларига асосланиб ҳаракат қилмоқда. Халқаро алоқаларнинг бундай модели, БМТнинг марказий ролини сақлаган ҳолда, жаҳон тартиботининг бугунгидан кўра адолатлироқ янги архитектурасини шакллантириш учун мустаҳкам асос бўла олади, деди президент.

Ўзбекистон раҳбари Афғонистон муаммосига тўхталиб, бу мамлакатни яккалаш эмас, балки Афғонистон халқига ва унинг амалдаги ҳокимиятига ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, тинч қурилиш ва тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда ёрдам кўрсатиш умумий вазифа эканини айтди.

Шавкат Мирзиёев саммит доирасида Туркия президенти, Ҳиндистон бош вазири ва бошқалар билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Мезбон Татаристон раиси Рустам Минниханов Ўзбекистон президентини Татаристоннинг “Дўстлик” ордени билан тақдирлади.

Ҳамма заводлар ҳам филтр қўймаяпти

Бош прокуратура Тошкент вилояти ва пойтахт ҳавосини ифлослантираётган саноат корхоналарини текширмоқда. Таҳлилларга кўра, I ва II тоифага кирувчи, атроф-муҳитга таъсири юқори саноат корхоналарида 2024 йилда белгиланган замонавий чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш пайсалга солиняпти. Хусусан, белгиланган вазифалар Тошкент вилоятидаги 27 та корхонадан 19 тасида, Тошкент шаҳрида эса 31 та корхонадан атиги 8 тасида бажарилган.

Бош прокуратура баёнотида айтилишича, пойтахт ҳавоси ифлосланишига табиий омиллар билан бирга иқлим ўзгариши, саноат ва автотранспорт воситалари эмиссияси ошиб бораётгани, мораторий даврида ҳам дарахтлар ноқонуний кесилаётгани, шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмай туриб жадал қурилиш ишлари кетаётгани ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Таъкидланишича, Бош прокуратура 22 октябрдан бошлаб қатор идоралар билан биргаликда пойтахт ҳавосини ифлослантираётган саноат корхоналарини текшира бошлаган. Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари алоҳида назоратга олиниб, улар бўйича кескин ва муросасиз чоралар кўрилиши айтилмоқда.

Қонун устуворлигида пасайиш

Жаҳон қонун устуворлиги рейтингида Ўзбекистоннинг ўрни 2016 йилдан бери биринчи марта пасайди. 2024 йилги рейтингда Ўзбекистон 5 поғонага пастлаб, 142 та давлат орасида 83-ўринни эгаллади.

Рейтинг ҳукумат ваколатларини чеклаш, коррупциянинг йўқлиги, очиқ ҳукумат, инсон ҳуқуқлари, ҳимоя ва хавфсизлик, қонун назорати ва одил судлов каби кўрсаткичлар асосида шакллантирилган. Ўзбекистон ҳимоя ва хавфсизлик борасида энг яхши натижани қайд этган, лекин қолган кўрсаткичлар бўйича дунё мамлакатлари орасида ўртача даражага эга деб топилган.

Марказий Осиё давлатлари орасида қонун устуворлиги бўйича Қозоғистон энг юқори, 65-ўринда қайд этилган. Рейтингнинг дастлабки 5 поғонасидан Дания, Норвегия, Финляндия, Швеция ва Германия жой олди.

Фарғонада дарахткушлик

Қонун устуворлиги таъминланмаётган ҳолатлардан бирига тўхталамиз. Kun.uz суриштирувига кўра, Фарғона шаҳри марказида кўп йиллик дарахтлар кўчириш йўли билан қуритилган. Маълум бўлишича, шаҳарнинг Сайилгоҳ ва ал-Фарғоний кўчалари туташган жойда 5 юлдузли меҳмонхона қурилиши бошланиши арафасида 25 йиллик дарахтлар бошқа жойга кўчирилган, лекин улар яшаб кетмаган.

Атрофи ўраб олинган ҳудудга етиб келган қурувчи, экология бошқармаси вакили ва ҳокимлик расмийси кўп йиллик манзарали дарахтларнинг ҳаммаси бошқа жойга кўчирилганини айтган бўлса-да, қўпорилган ва кесилган дарахт томирлари панада қалашиб ётибди.

Масала юзасидан масъуллар берган маълумотлар бир-бирига тўғри келмаяпти. Ҳолат ҳақидаги батафсил репортаж билан You Tube саҳифамизда танишишингиз мумкин.

Автомобил импортида янгилик

1 ноябрдан бошлаб импорт қилинган автомобиллар божхона ҳудудида эмас, Пискентдаги полигонда техник синовлардан ўтказилади. Бу ҳақда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори ўринбосари Одилжон Тоҳиров “Ренессанс” телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

“1 ноябрдан биз инсонларнинг ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида автотранспорт воситаларининг синовини божхона ҳудудида эмас, балки синов базаси, яъни Пискент полигонига олиб бориб, ўша ерда ўтказамиз. [...] Биз ўтказаётган синовлар халқаро даражада тан олинади”, деди агентлик расмийси.

Эслатиб ўтамиз, автотранспорт воситалари импорти бўйича шу йил баҳорда муайян чекловлар кучга кирган эди. Натижада ўтган йили сезиларли ошган автомобил импорти жорий йилда аксинча камайди. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, январ-сентябр ойларида барча турдаги енгил автомобиллар импорти 2 фоизга, бензинда ҳаракатланадиган енгил машиналар импорти эса 28 фоизга қисқариб кетган.

Тошқинга қарши қўшимча 6 миллиард

Президент танқидидан кейин пойтахт ҳокимлиги шаҳардаги дренаж тизимини яхшилаш учун бироз маблағ ажратди. Ҳоким Шавкат Умрзоқов 22 октябр куни имзолаган қарорга кўра, шаҳар бюджетининг 3-чорак якунлари бўйича орттириб бажарилган қисми ҳисобидан дренаж тизимини яхшилашга 6 млрд сўм ажратилмоқда.

Бу пуллар ёғингарчиликлар даврида сув тошқинларининг олдини олиш учун ҳокимлик ҳузуридаги ягона буюртмачи хизматига берилади. Қарорда ёзилишича, дренаж тизими учун жорий йил давомида бундан ташқари яна 20 млрд сўм ажратилган.

Куз келиб, биринчи ёғингарчиликдан кейиноқ Тошкент кўчалари сувга тўлиб қолганини президент Шавкат Мирзиёев 21 октябр кунги селекторда танқид қилганди. Ҳокимликка йил якунигача мастер-режа қилиб, дренаж тизимини сунъий ҳавзалар билан бирга қуриш бўйича дастур ишлаб чиқиш топшириғи берилган.

Қидирувдаги шахс ушланди

Бир қанча жиноий ишларда айбланиб қидирувга берилган ўзбекистонлик Мусаевна Хадича Жафарова Туркияда қўлга олинди. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабарига кўра, у 2011-2013 йилларда банк-молия хусусий секторида юқори лавозимларда ишлаган.

Хадича Мусаевна жиноий уюшма ташкил этиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, ўзгаларнинг мулкини жуда кўп миқдорда ўзлаштириш, фирибгарлик, сохта тадбиркорлик каби қатор жиноятларда гумонланмоқда. 10 йилдан буён қидирувда бўлган 73 ёшли аёл Ўзбекистонга депортация қилинган. Унинг ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролар ички ишлар бўлимларига мурожаат қилиши мумкин.

Андижонда – янги прокурор

Андижон вилоятига янги прокурор тайинланди. Бу лавозимда эндиликда Муродулло Тоғаевич Абдуҳакимов фаолият юритади. 43 ёшли прокурор бунгача Бош прокуратурада Аграр ва озиқ-овқат соҳаларига оид қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаётганди.

Эслатиб ўтамиз, Андижон вилояти прокуратурасига 2023 йил августидан бери раҳбарлик қилган Маъруфхон Хўжаев 2024 йил июлида “Ҳудудгазтаъминот” компанияси раиси лавозимига ўтказилганди.

Мавзуга оид