Жаҳон | 21:41 / 26.10.2024
8454
3 дақиқада ўқилади

BRICS долларни «ғарқ қилишга» қодир эмас – Bloomberg

Долларга мослаштирилган глобал инфратузилма АҚШ валютасининг камида яна бир неча ўн йиллар давомида ҳукмронлигини таъминлаши мумкин.

Фото: brics-russia2024.ru

Россия халқаро савдода долларни четлаб ўтиш учун BRICS гуруҳидан фойдаланишга интилмоқда. Бироқ, бу режалар шунчаки хаёл бўлиб қолаверади, деб ёзди Bloomberg.

Нашрнинг қайд этишича, ташкилотчилар Қозондаги BRICS саммити меҳмонларига ўзи билан нақд доллар ёки евро олиб келишни маслаҳат берган, чунки Россиядан ташқарида чиқарилган VISA банк карталари Россия ҳудудида ишламайди.

«Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан буён жаҳон молия тизимида ҳукмронлик қилаётган валютадан ажралиб чиқиш қанчалик қийинлигини бундан ҳам яхшироқ мисол билан тасаввур қилиш қийин», деб қайд этди нашр муаллифлари.

BRICS мамлакатлари биргаликда жаҳон иқтисодиётининг салмоқли қисмини ташкил этса-да, долларга мослаштирилган глобал инфратузилма АҚШ валютасининг камида яна бир неча ўн йиллар ҳукмронлигини таъминлаши мумкин, деб ёзди Bloomberg.

Россия ва Хитой жаҳон савдосини дедолларизация қилиш ғоясини илгари суришга ҳаракат қилмоқда, аммо ҳозир буни амалга оширишнинг ҳақиқий механизмлари йўқ. Bloomberg иқтисодчилари Алекс Исаков ва Жерар ДиПиппо фикрича, BRICS мамлакатларида трансчегаравий тўловларда долларни четлаб ўтишнинг учта йўли бор: маҳаллий валюталар, янги рақамли валюталар ёки Хитой юанлари билан савдо қилиш. Аммо учта вариант ҳам жуда шубҳали.

«Маҳаллий валютадаги ҳисоб-китоблар паст ликвидлик туфайли қимматга тушади. Рақамли валюталар жуда ўзгарувчан ва одатда асосий савдо оқимларига дош бериш учун ликвидликка эга эмас. Натижада юан қолади. Хитой уни халқаро миқёсда амал қилишини хоҳлайди, лекин эркин сузиб юришига қўйиб бермайди. Хитой инқироз шароитида ўз иқтисодиётидан ташқарида чексиз миқдорда юан чиқаришни хоҳлайдими ёки йўқми деган савол ҳам ҳал қилинмаган», деди иқтисодчилар.

Нашрнинг таъкидлашича, инқироз даврида Қўшма Штатлар ўз иттифоқчиларига молиявий тизимини қўллаб-қувватлаш учун доллар етказиб беради. Аммо Хитой ҳатто Россияни етарли юан билан таъминлай олмайди, деди нашр муаллифлари. Бу фикр ҳатто BRICS саммитида ҳам айтилмаган.

Мавзуга оид