Жаҳон | 14:54 / 26.10.2024
6844
2 дақиқада ўқилади

Иссиқхона газларини океанга “қамаб қўйиш” усули топилди

Биологлар таъкидлашича, денгиз бактерияларининг ғайриоддий қобилиятлари сайёрамизни иқлим ўзгариши ҳалокатларидан қутқариши мумкин.

Фото: AP

Атмосферада тўпланиб қолган иссиқхона газларини дунё океанига “яшириб қўйиш” мумкин, деб ҳисоблайди Калифорния университети (АҚШ) тадқиқотчилари. Nature Communications нашри ёзишича, биологлар денгиз тубида углерод айланиши ҳақида кутилмаган янги маълумотларга дуч келди.

Олимлар яқинда Канада ва Гренландия ўртасидаги Баффин кўрфазига экспедиция уюштирди. У ерда CRAM деб номланган махсус органик молекулаларнинг концентрацияси ўлчанди. Бу моддалар минг йиллар давомида ўзида жуда кўп миқдордаги органик углеродни сақлаш қобилиятига эга. Улар микробларнинг ҳаётий фаолияти жараёнида ҳосил бўлади.

Ҳозиргача ушбу барқарор бирикмалар океан тубида тўпланади, деб ҳисобланарди, бироқ янги маълумотлар бутунлай тескари манзарани кўрсатди: Баффин қўлтиғида уларнинг катта қисми сув юзасига яқин қатламларда яшайди, катта чуқурликларда эса йўқолиб кетади.

Олимларнинг фикрича, океандан бундай “чидамли” органик моддаларни йўқотишнинг ягона усули мавжуд: гетеротроф бактериялар (афтидан, улар ушбу органик моддалардан энергия олиш учун фойдаланади).

Бу эса гидробиологларни қизиқарли фикрга олиб келди: углерод сақловчи молекулаларнинг океанда узоқроқ сақланиб қолиши учун ушбу табиий жараёнга таъсир кўрсатиш усулини топишга уриниб кўриш мумкин. Шундай қилинса, Ер сувлари кўпроқ антропоген иссиқхона газларини ўзида ушлаб қолиши ва сайёрамизни қайтариб бўлмайдиган иқлим асраб қолиши мумкин бўлади.

Аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш глобал исиш Тинч океанидаги орол давлатларга хавф солаётганини маълум қилганди.

Мавзуга оид