Жаҳон | 14:22 / 26.10.2024
3181
2 дақиқада ўқилади

Хитойлик олимлар сув ва ҳаводан химикатлар тайёрлашни ўрганди

Бу кимё саноатида моддаларни экологик тоза йўл билан ишлаб чиқаришга имкон бериши мумкин.

Хитойлик олимлар “ёрдамчи воситалар”дан кимёвий моддалар яратишга имкон берувчи ноодатий усулни ишлаб чиқди. Бунинг учун фақат сув ва ҳаво керак. Хитой Фан ва технология университети тадқиқотчиларининг ютуқлари ҳақида South China Morning Post хабар берди.

Мутахассислар оддий компонентлар ёрдамида аминокислоталар яратишга муваффақ бўлди. Организмлар бундай молекулалардан оқсил ишлаб чиқариш учун фойдаланади. Глицин синтези учун олимлар янги ёндашувни қўллади. Одатда, глицин ишлаб чиқариш учун нефтни қайта ишлаш маҳсулотлари, шу жумладан, алдегидлар ва цианидлардан фойдаланилади. Аммо бундай ёндашувнинг камчиликлари кўп. Биринчидан, уларни ишлаб чиқариш учун катта миқдорда энергия талаб қилинади. Иккинчидан, улар туфайли атроф-муҳитни ифлослантирадиган кўплаб зарарли чиқиндилар пайдо бўлади.

Янги усул ёрдамида олимлар карбонат ангидрид, сув ва кислороддан аминокислоталар ишлаб чиқариш учун углерод, азот, водород ва кислород олмоқда. Дастлаб тадқиқотчилар карбонат ангидридни оксалат кислотага айлантирди. Кейинги бир неча босқичдан сўнг, бошланғич материаллардан электролиз жараёни билан глицин ҳосил қилинди.

Тажриба давомида олимлар бир кеча-кундузда тахминан 5,16 грамм юқори даражада тоза моддани синтез қилишга эришди. “Одатда органик синтез реакциялари маҳсулотларни миллиграммларда беради. Биз шунчалик кўп глитсин тайёрладикки, уни кафтга сиғдириш мумкин”, — деб таъкидлади янги усул муаллифлари.

Хитойлик тадқиқотчиларнинг айтишича, улар Ерда ҳаёт булутлардаги кимёвий реакциялар туфайли пайдо бўлган деган назариядан илҳомланган. Чақмоқлар таъсирида ҳаво ва сув аминокислоталарни синтез қилиш имкониятига эга бўлган. Масалан, асрнинг ўрталарида америкалик олимлар Ернинг ибтидоий атмосферасини сув, метан, аммиак ва водород ёрдамида моделлаштирган эди. Электр зарядлари уларга чақмоққа тақлид қилиш имкониятини берган. Хитойлик мутахассислар янги ёндашув келажакда янада мураккаб аминокислоталарни яратишга ёрдам беради, деб умид қилмоқда.

Мавзуга оид