Жаҳон | 18:21 / 28.10.2024
10920
4 дақиқада ўқилади

Пропаганда BRICS саммитидан геосиёсий «қурол» сифатида фойдаланди

BRICSʼнинг Қозонда бўлиб ўтган саммити ноҳарбий бўлса-да, янги дунё тартиботига интилиш элементлари билан ёдда қолди. БМТ бош котиби Гутерришнинг BRICS+ да иштирок этгани эса Путин учун совға, Ғарб учун эса кутилмаган совғадек реакцияларга сабаб бўлди.

Рус медиаси эса мазкур тадбирни оламшумул ҳодисадек ёритди. Хўш, аслида Россияда ўтган BRICS учрашувлари моҳияти қандай эди?

«Геосиёсат» дастурида таҳлилчилар Шуҳрат Расул, Камолиддин Раббимов ва Абдували Сойибназаров мавзу юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.

Россия BRICS саммити орқали Ғарб изоляциясидан чиқдими ёки биргина бу учрашув сабаб бундай хулоса қилишга эртами?

Таҳлилчи Шуҳрат Расулнинг таъкидлашича ушбу саммитда 36 та давлат иштирок этди, булардан 22 та давлат лидерлари, президентлар ва бош вазирлар қатнашган бўлиб, айниқса Ҳиндистон ва Хитой давлатларининг иштироки саммит нуфузини оширган.

Сиёсатшунос BRICSʼнинг асл мақсади аъзо давлатларнинг иқтисодий манфаатларини ошириш деган фикрни келтиради, аммо 2014 йил Россия ва Украина уруши бошланганидан кейин ташкилот мотиви геосиёсий ўлчам билан алмаштирилмоқда. Яъни, Россия BRICS ташкилоти орқали АҚШ ёки Ғарбга қарши сиёсий бир кучни шакллантиришни мақсад қилган, деган фикрни айтиб ўтади.

Шунингдек таҳлилчи BRICSʼга аъзо Россия ва Эрон ташкилотга аъзо бўлмаган Венусуэла давлатларидан ташқари бошқа саммитга таклиф қилинган катта-кичик давлатларининг АҚШ ёки Коллектив Ғарб билан ҳеч қандай қарама-қаршилиги йўқлигини таъкидлаб, мезбон Россия BRICSʼдан геосиёсий қурол сифатида фойдаланишга ҳаракат қилмоқда, дейди.

Камолиддин Раббимов Россия сиёсий изоляция тўсиғини маълум бир маънода ёриб ўтяпти, деган фикрни келтириб ўтади:

«Чунки ўтган йили БМТ Жиноят суди Путинга нисбатан уруш жиноятлари учун қидирув эълон қилган эди. Қолаверса, Россияга ва Путинга нисбатан тарихдаги энг катта санкциялар жорий қилинган эди. Аммо БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг саммитга ташрифини Россия матбуоти яхшигина пропаганда қилмоқда. Бундан Украина ғазабга келаётгани аниқ, чунки Гутерриш Украинага ташрифни рад этган эди, шунингдек, Исроил ҳам БМТни ўзига душман ташкилот сифатида тан олиб, Гутерришни «персона нон грата» деб таъкидламоқда. Бу ерда ўзига хос геосиёсий мақсад кўзлангани аниқ. Аммо Ғарб таҳлилчилари ҳам Россия маълум изоляция тўсиғини ёриб чиқмоқда, дея таъкидламоқда».

Сиёсатшунос Абдували Сойибназаров BRICS ўз уставига эга ташкилот эмаслигига урғу бериб, у сиёсий ёки иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш учун маслаҳат органи сифатида тан олинишини айтиб ўтди. Ғарбга қарши қандайдир сиёсий куч шакллантиришига ҳеч қандай асос йўқлиги, чунки аъзо ташкилотлар ўз манфаатлари учун бир нуқтада эканликларини таъкидлайди. Буни Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ёки Хитой бош вазири Ли Син Пиннинг Россияга ташрифида Украина билан муросага келиш борасидаги фикрлари исботлайди. Яъни, давлатлар ўз манфаатлари учун BRICSʼга аъзо бўлишган. Шунинг учун BRICSʼни Ғарбга қарши қаратилган куч сифатида баҳолаш нотўғри, дейди таҳлилчи.

Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид