Жаҳон | 16:23 / 28.10.2024
9630
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон Россияга газ етказиб беришни тўхтатди

2019 йилда тузилган шартномага мувофиқ, «Туркменгаз» «Газпром»га йилига 5,5 миллиард куб метргача газ етказиб бериб келган. Ушбу келишув муддати жорий йилнинг 30 июн куни тугаган. Томонлар ёқилғининг янги нархи бўйича келиша олмагани сабаб янги шартнома тузилмаган.

Фото: tca.gov.tm

«Туркмангаз» «Газпром» билан газ етказиб бериш бўйича шартномани узайтирмади. Томонлар ёқилғининг янги нархи бўйича келиша олмаган. Бу ҳақда «Туркменгаз» раҳбари Мақсад Бабаевга таяниб ТАСС хабар берди.

«Шартнома шартларига мувофиқ, 30 июн санасигача нархларни қайта кўриб чиқиш назарда тутилганди. Агар томонлар нарх бўйича келишувга эришса, шартномани узайтириш имкони бор эди. Биз музокаралар олиб бордик, аммо тижорат масаласида умумий келишувга эриша олмадик», дея таъкидлаган Мақсад Бабаев.

«Туркменгаз» раҳбарининг қўшимча қилишича, таъминотни бошлаш, қайта тиклаш ёки тўхтатишнинг асосий шарти шартноманинг тижорат қисмидир.  

Маълумот учун, «Газпром» 2019 йилда «Туркменгаз» билан беш йил муддатга — 2024 йил 30 июнгача табиий газ сотиб олиш бўйича шартнома тузганди. Унга кўра, Туркманистондан «Газпром»га йилига 5,5 миллиард куб метр газ етказиб берилиши керак бўлган.

Мавзуга оид