Шимолий Корея Россияга 5,5 млрд долларлик қурол етказиб бергани айтилмоқда
Ҳисоб-китобларга кўра, қурол савдосидан тушган маблағлар КХДРнинг бутун иқтисодиётининг тахминан чорак қисмини ташкил этади.
Шимолий Корея Россияга қурол етказиб бериш орқали 5,5 миллиард долларга яқин маблағ ишлаб олган бўлиши мумкин. Бу Германиядаги Фридрих Науман жамғармаси томонидан ҳисоблаб чиқилди. Тадқиқот давомида разведка хизматларининг ҳисоботлари, сизиб чиққан ҳужжатлар, шунингдек, КХДР қуроллари савдоси бўйича аввалроқ имзоланган битимлар қиймати ўрганилган. Ҳисоб-китобларга кўра, қурол савдосидан тушган маблағлар Шимолий Кореянинг бутун иқтисодиётининг тахминан чорак қисмини ташкил этади. Жанубий Корея Марказий банкининг маълум қилишича, КХДР ялпи ички маҳсулоти 2023 йилда 23,7 миллиард долларни ташкил этган.
КХДР қурол экспорти бўйича ҳеч қанақа маълумотларни эълон қилмайди, бу эса батафсил таҳлилларни ўтказишга деярли имконият бермайди. Жанубий Корея махсус хизматлари ўз ҳисоботларини сунъий йўлдошлар орқали олинган суратлар орқали асослайди — Сеул улар ёрдамида қўшни давлатдаги денгиз транспортини кузатади. Ушбу маълумотлардан келиб чиқилса, КХДР биринчи навбатда Россияга артиллерия снарядлари ва кичик масофага мўлжалланган ракеталарини етказиб бермоқда.
Жамғарма тадқиқотида қайд этилишича, Россия Украинага қарши урушда Шимолий Корея қўшинларидан фойдаланишни бошласа, Москва билан ҳарбий ҳамкорлик натижасида Пхеняннинг даромади «юзлаб миллион долларга» ошиши мумкин. Прогнозларга кўра, Ким Чен Ин мамлакатдаги барқарорликни хавф остига қўймаслик учун Владимир Путинга 20 мингдан зиёд аскарини беради, аммо бунча миқдордаги қўшиннинг фронтга жалб этилиши урушни Россия фойдасига ҳал этмаслиги мумкин. Мазкур қадам акс натижани — Украинани қўллаб-қувватлаш фаоллашишига сабаб бўлиш эҳтимоли мавжуд.
Жамғарма маълумотларида келтирилишича, КХДР ва Россия ўртасидаги расмий савдо жорий йилнинг биринчи ярмида 52,9 миллион долларгача ўсган. Бу 2023 йил давомида кузатилган кўрсаткичлардан 18,5 миллион долларга кўп. Таҳлилчилар икки томонлама савдо 2017 йилда Шимолий Кореяга қарши санкциялар кучайтирилган даврдан олдинги даражада қайтиши мумкинлигини истисно этмаяпти. Муносабатлар чуқурлашиб бораётганига Москва ва Пхенян ўртасидаги дипломатик ташрифлар сони ортгани ҳам далил бўла олади. Январ ойидан бери бу турдаги учрашувлардан 24 таси ўтказилган — охирги 30 йилда эса учрашувлар сони йилига бештадан ошмаган.
Аввалроқ КХДР халқ армиясининг элита бўлинмаси ҳарбий хизматчилари 23 октябрдан буён Курск области ғарбий қисмига жойлашгани, ҳар куни қўшимча кучлар етиб келаётгани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга оид
23:22 / 22.11.2024
КХДР ўз аскарларини Украина урушига юборгани эвазига Россиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини олган
17:46 / 22.11.2024
WSJ: Украина зарбаси оқибатида КХДР армияси генерали яраланди
20:56 / 21.11.2024
Путин Пхенян ҳайвонот боғига шер ва иккита айиқ совға қилди
19:15 / 20.11.2024