Жаҳон | 09:20 / 30.10.2024
4288
3 дақиқада ўқилади

Россияда ва дунёда «Исмларни қайтариш» акцияси бўлиб ўтди

Россия ва дунёнинг 100 дан ортиқ шаҳарлари СССРдаги сиёсий қатағон қурбонларини хотирлади. Москвада хорижий дипломатлар Соловецкий тошига гул қўйишди.

Фото: Alexander Nemenov/AFP

Россия ва бошқа бир қатор мамлакатларда 29 октябр, якшанба куни сиёсий қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган «Исмларни қайтариш» тадбири бўлиб ўтмоқда. Унинг иштирокчилари совет ҳокимияти йилларида қатл этилган, лагерларга юборилган ёки ҳуқуқларидан маҳрум бўлганларнинг исмларини ўқиб чиқдилар. 2007 йилдан буён акцияни ташкил қилиб келаётган «Мемориал» инсон ҳуқуқлари ҳаракати тадбирни жонли эфирда намойиш этди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, исмларни ўқиш Москвада бошланиб, Иркутск, Бремен, Ревде, Денвер, Дрезден ва Страсбургда давом этган. Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, бу йил дунёнинг 109 та шаҳрида, жумладан, 19 та Россия шаҳрида «Исмларни қайтариш» амалга оширилган.

«Менимча, бу жуда муҳим кун. Бу кунда одамлар ҳукуматнинг буйруғига кўра эмас, балки ўз хоҳиши билан тарихни эслаяпти. Давлат тарихнинг ягона тўғри вариантини тақдим этишга ҳаракат қилмоқда», — деди Москвадаги Соловецкий тошига келган «Мемориал» бошқаруви раиси Ян Рачинский.

Томскда Сталин қатағонлари қурбонлари хотирасига ўрнатилган устунлар бузиб ташланди

Томск расмийлари сталин қатағон йилларида қатл этилганларнинг исмлари ёзилган ёдгорлик устунларини демонтаж қилди. Бу ҳақда 17 октябр куни «ТВ2. Новости Томска и Сибири» ва «Говорит НеМосква» Telegram-каналлари хабар берди.

Маҳаллий аҳолининг нашрларга айтишича, устунлар 16 октябр куни — бир кун олдин бузиб ташланган. «На қариндошларнинг устунларни тинч қўйиш сўралган хатлари, на оддий Томск аҳолисининг устунларни тегмаслик ҳақидаги мурожаати ҳам ёрдам бермади», — дея ўз суҳбатдошидан иқтибос келтирди ТВ2.

«Говорит НеМосква» 22 сентябр куни фаоллар Томскдаги Каштак тепалигида бешта ёдгорлик устунини ўрнатиб, бу ерда қатл этилган 30 кишининг портретлари ва тарихини жойлаштирганини билдиради. 11 октябр куни Томск мэрияси уларни «рухсат этилмаган бинолар» сифатида бузишни талаб қилди. Расмийлар билан ёдгорлик устунларини қонунийлаштириш бўйича музокаралар ҳеч қандай натижа бермади.

Томск мэрияси ёдгорлик устунларининг бузилишини изоҳлар экан, Каштачная тоғи маданий мерос объекти бўлганлиги сабабли минтақавий муҳофазага олинишини айтди. «У ерда бирон бир бино қуриш, кичик меъморий шакллар ва бошқа объектларни рухсатисиз ўрнатиш тақиқланади, шу сабабли номаълум шахс томонидан қўйилган объектлар демонтаж қилиниб, сақлаш учун олиб кетилди», — дея ТВ2 шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарини келтирган.

1920-1930 йилларда Томскдаги Каштак жарларида жами тўққиз мингга яқин одам отиб ўлдирилган, улар орасида шоир Николай Клюев, файласуф Густав Шпет ва бошқа кўплаб таниқли шахслар бор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид