Ўзбекистон | 16:04 / 01.11.2024
36117
4 дақиқада ўқилади

Боёвут ҳокими Дилфуза Уралова фермерни ҳақоратлаб, ИИБга уни қамаб қўйишни буюрди

Kun.uz’га Сирдарё вилояти Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Ураловага тегишли экани айтилган аудиоёзув келиб тушди. Унда туман ҳокими пахта теримида “планни” бажармаган фермерларни ҳақорат қилганини эшитиш мумкин. Дилфуза Ураловага нисбатан интизомий жазо чораларини кўриш учун вилоят ҳокимига тақдимнома киритилган.

Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Kun.uz’га Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Уралова фермерлар билан ўтказган йиғилишдан ёзиб олинган аудио келиб тушди. Унда ҳоким фермерларни кўп ерни эгаллаб олиб, бажара олмаётганликда айблаган.

Йиғилиш асосан ҳокимнинг фермерларга нисбатан ҳақорати билан ўтган. Ҳудуддаги пахта “планини” бажармаган фермерлар номма-ном саналиб, улар нега теримни ташкил қилмаётгани танқид қилинган.

Мард бўлиб, ғаллани экиб, майсадай қилиб юрмайсанми? Нима қиласан ерни олиб, эплолмаётган бўлсанг ташла. 100 гектар бўлса, 20 гектарга кучинг етадими, 10 гектаргами ёки 50 гектаргами, биласан-ку ўзинг неча гектарга кучинг етишини, ноинсоф”, деган ҳоким фермерларга қарата.

Йиғилиш жараёнида Дилфуза Уралова тумандаги “Абдумандат ота фарзандлари” фермер хўжалиги раиси Шуҳрат Ҳожиевни ҳақорат қилган. Бунга жавобан фермер ҳокимдан ҳурматини сақлашни сўраган. Ҳоким эса ҳақоратга ҳам қониқмасдан, ИИБга уни қамаб қўйишни буюрган.

Рўйхатни ўқиб турган ходим “Абдумандат ота фарзандлари” фермер хўжалигининг 40 гектар пахта даласи борлиги, 109 тонна мажбурият белгилангани, ҳозирда 80 тонна ҳосил топширганини айтган. Шундан сўнг ҳоким ва фермер ўртасидаги суҳбат шундай кечган:

— “Опа, иккинчи терим шундай турибди, “пашти” 30 гектар.

— Ҳаром, мен бориб тердириб келайми, нега тердирмайсан? А, Нимага?! Гап эшитиш осонми? Нега тердириб қўймайсан? Нега бажариб қўйиб керилмайсиз?

— Бажарамиз.

— Нимага шу вақтгача бажармадинг?

— Шу пайтгача вақт бўлгани йўқ.

— Ие, нега вақт бўлмайди?

— Опа, вақт бўлмади, ғалла экдим”.

Суҳбат шу нуқтага келганида ҳоким фермерга куч ишлатган ва “падарингга лаънат, эшак”, дея ҳақорат қилган. Фермер эса марҳум отасини ҳақорат қилмасликни сўраган. “Биласанми менинг падарим қачон ўлиб кетган? Тегма падаримга”, деган у. Ҳоким эса “Тегаман, юз марта тегинаман, ноинсоф. Ифлос, нимага қилиб қўймадинг?” дея жавоб қайтарган.

Жанжалдан кейин фермер йиғилиш ўтказилаётган хонадан олиб чиқиб кетилган. Дилфуза Уралова эса ёнидаги ходимга ИИБга айтишни, оёқ-қўлини боғлаб олиб кетиб, қамаб қўйишни буюрган.

Туман ҳокимининг бу ҳаракати қонунчиликка зид. Жумладан, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасига кўра, фермер хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлар, шунингдек, уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмайди.

Kun.uz вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Боёвут тумани ҳокимлиги матбуот хизмати Фурқат Пўлатов билан боғланди. Унинг билдиришича, мазкур йиғилиш 25 октябр куни ўтказилган.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Унга кўра, аудиоёзувнинг ҳаққонийлиги, ҳолат қачон, қаерда ва қандай вазиятда юз берганига ойдинлик киритилиб, вилоят ҳокимлиги Одоб-ахлоқ комиссияси йиғилишида кескин танқидий муҳокама этилган.

“Комиссия томонидан ушбу хатти-ҳаракатлар давлат хизматчиси этикаси ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш деб баҳоланди. Ўз навбатида туман ҳокими ҳолат бўйича тушунтириш бериб, юзага келган вазиятдан пушаймонлигини айтди. Иккинчи томон билан суҳбатлашгани, ўзаро муносабатларидаги ёқимсиз ҳодисага тўлиқ барҳам берилганини билдирди.

Ҳозирда йиғилиш баённомаси асосида Дилфуза Ураловага нисбатан тегишли тартибда интизомий жазо чораларини кўриш учун вилоят ҳокимига тақдимнома киритилган”, дейилади ҳокимлик муносабатида.

Маълумот учун, асли касби ўқитувчи бўлган Дилфуза Уралова 2020 йил феврал ойида Боёвут тумани ҳокими лавозимига тайинланганди. Бунгача у Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган.

Мавзуга оид